Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ироқдаги автомагистраллардан бирида 35 та автомобиль иштирокида юз берган даҳшатли йўл-транспорт ҳодисаси (ЙТҲ) оқибатида етти киши ҳалок бўлди ва 20 киши жароҳат олди.
Бу ҳақда Basnews нашри хабар берди.
Ҳодиса жойидан олинган кадрларда иккига бўлинган ва ёнаётган машиналар, аянчли аҳволга келган техникалар ва ваҳима ичидаги одамларни кўриш мумкин. Воқеа жойига етиб келган фавқулодда хизматлар ва тез ёрдам бригадалари жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатмоқда.
Йирик йўл-транспорт ҳодисаси натижасида жами 35 та автомобиль, жумладан, енгил русумдаги автомашиналар ва оғир юк ташувчи транспорт воситалари тўқнашган. Дастлабки маълумотларга кўра, фожиага бензовоз ҳайдовчисининг бошқарувни йўқотиши ва ўз вақтида тормоз бера олмагани сабаб бўлган.
Натижада, бензовоз аввал йўл тўсиғига урилган, сўнгра қарама-қарши йўлакдаги автомобиллар билан тўқнашиб кетган. Ушбу даҳшатли автоҳалокат оқибатида 7 нафар фуқаро воқеа жойида вафот этган, 20 нафар жабрланувчи эса оғир тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Ҳозирги вақтда ҳуқуқ-тартибот идоралари автоҳалокатнинг аниқ сабабларини ўрганиш бўйича тергов ҳаракатларини олиб бормоқда.
Бугун АҚШдаги пойгада ҳам 30 та автомобиль тўқнашганди. NASCAR Cup Series доирасидаги Jack Link’s 500 пойгасида мавсумнинг энг йирик аварияси содир бўлган эди.

Изоҳлар мавжуд емас