Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Санитария-эпидемиологик фаровонлик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари Нурмат Отабеков Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот-хизматига берган интервьюсида Ўзбекистонда аҳолини оммавий эмлаш зарурияти юзасидан тушунтириш бериб ўтган.
- Эмлаш пандемияни тўхтата оладими?
- Олимларнинг фикрича, пандемияни тўхтатиш учун аҳолининг камида 60-70 фоизида иммунитет бўлиши зарур. Бу бир неча омиллар: эмлашнинг қанчалик тез самара беришининг исботланиши, вакциналарнинг Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан қанчалик тез маъқулланиши, уларни қанчалик тез ишлаб чиқарилиши, етказиб берилиши ва аҳолини қай даражада қамраб олинишига боғлиқ бўлади.
- COVID-19га қарши эмланиш нега керак?
- COVID-19га қарши вакциналар пандемияни назорат қилишга ёрдам беради. Вакциналар иммун тизимимизни мустаҳкамлайди ва юқтирадиган бўлсак, вирусларга қарши курашишга ёрдам беради. Вакцинани олганимизда нафақат ўзимизни, балки бошқаларни ҳам ҳимоя қилган бўламиз.
COVID-19га сабаб бўлувчи вирус жуда осон юқади. Аҳолининг 60-70 фоизида иммунитетни шакллантирмасдан туриб, бу касалликка қарши самарали курашишнинг иложи йўқ.
Шуни унутмаслик керакки дунёда COVID-19га чалинган беморларнинг 3-5 фоизи вафот этмоқда ва улар орасида яқинларимиз ҳам бўлиши мумкин.
Ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, антисептиклардан фойдаланиш ва жамоат жойларига боришдан сақланиш вирус юқиш хавфини камайтириш учун самарали чоралардан ҳисобланади, аммо пандемияни жиловлаш учун улар етарли эмас.
Ўзбекистон фавқулодда вазиятларда аҳолини COVID-19 га қарши эмлаш учун Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан тавсия этилган вакциналардан фойдаланади.
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон яқин муддат ичида AstraZeneca вакцинасининг Ҳиндистон версиясини қабул қилади. Уни “ камбағал давлатлар учун вакцина” деб ҳам аташади. Бироқ, Европанинг бир неча давлатлари AstraZeneca вакцинасидан фойдаланишни вақтинчалик тўхтатиб қўйишган.
Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг
Изоҳлар мавжуд емас