Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Yandex Market маркетплейси 10 ноябрдан Ўзбекистонда ишламайди. Компания бозорга кирганидан тахминан бир ярим йил ўтиб, ушбу йўналишдан воз кечишга қарор қилди. Бу ҳақда Batafsil.uz нашрига Yandex Go матбуот хизмати маълум қилди.
Yandex Market Ўзбекистонда 2025 йил апрель ойида иш бошлаган эди. Фойдаланувчилар Yandex Go иловасидаги махсус витрина орқали етказиб бериш муддати нисбатан узоқ бўлган турли товарларга буюртма беришлари мумкин эди. Энди компания ушбу хизмат форматида ишлашни тўхтатмоқда.
Бироқ Yandex Go орқали товарларга буюртма бериш имконияти бутунлай йўқолмайди. Иловада "Дўконлар" ва Lavka хизматлари фаолияти давом этади. Улар орқали фойдаланувчилар озиқ-овқат маҳсулотлари, электроника, косметика, уй-рўзғор буюмлари ва бошқа товарларга буюртма беришлари мумкин. Ушбу хизматларда етказиб бериш 15 дақиқадан бошланади.
Yandex Go компанияси Market фаолиятини тўхтатиш қарорини тезкор етказиб бериш йўналишига эътибор қаратиш билан изоҳлади. Компания маълумотларига кўра, сўнгги бир йилда "Дўконлар" хизматининг ҳамкорлари сони қарийб икки баробарга ошиб, 500 тага етган. Lavka тармоғи эса онлайн буюртмаларни тайёрлаш учун мўлжалланган 10 та омборни ўз ичига олади. Ушбу хизматнинг хусусий савдо белгиси остидаги маҳсулотлари тури 100 дан ошган.
Шунингдек, компания маълумотларига кўра, 2026 йилда "Дўконлар" ва Lavka орқали амалга оширилган буюртмалар сони 2025 йилга нисбатан уч баробар кўпайган.
Буюртмалар тақдири нима бўлади?
Yandex Market орқали буюртмаларни 10 ноябрга қадар расмийлаштириш мумкин. Ушбу санагача амалга оширилган барча харидлар компания томонидан қабул қилиниб, харидорларга етказиб берилиши ваъда қилинмоқда.
Хизмат фаолияти тўхтатилганидан кейин ҳам қўллаб-қувватлаш хизмати фойдаланувчилар ва ҳамкорларнинг саволларига жавоб беришда давом этади. Шунингдек, компания ҳамкорларга "Дўконлар" ёки Lavka билан ҳамкорликни давом эттириш имкониятини таклиф қилади.

Изоҳлар мавжуд емас