Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда БМТнинг Аксилтеррор бошқармаси минтақавий офисини очиш таклиф этилди. У Марказий Осиё мамлакатларига террорчилик таҳдидларини аниқлаш, терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш ва бу жараёнларда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш бўйича амалий ёрдам кўрсатиши мумкин.
Бу таклиф Шавкат Мирзиёев томонидан 6 ноябрь куни Остонада "Ақаба жараёни" доирасида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг сунъий интеллект соҳасида хавфсизлик масалаларига бағишланган учрашувида илгари сурилган.
Унда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Иордания Подшоҳи Абдулла II, шунингдек, Озарбайжон ва Қирғизистоннинг юқори даражали вакиллари иштирок этган.
Давлат раҳбари таклиф қилган минтақавий офис террорчилик мазмунидаги материаллар ҳақида огоҳлантириш каналларини ишга тушириш, терроризмни молиялаштириш ҳолатларини аниқлаш ва мутахассислар малакасини оширишда кўмаклашиши мумкин.
Шунингдек, ушбу жараёнларда сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича амалий ёрдам кўрсатиши назарда тутилган. Учрашувда халқаро ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, рақамли технологиялар ривожи билан боғлиқ янги таҳдидлар муҳокама қилинган.
Давлатлар ўртасида амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва айниқса, ёшлар орасида радикаллашувнинг олдини олиш механизмларини такомиллаштириш масалаларига эътибор қаратилган. Мирзиёев сунъий интеллект инсонлар учун янги имкониятлар яратиши билан бирга, хавфсизликка оид таҳдидларни ҳам келтириб чиқараётганини таъкидлаган. Унинг фикрича, сифатли таълим ва инсон салоҳиятини ривожлантириш хавфсизликни таъминлашнинг муҳим асосидир.
Бундан ташқари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази негизида "Рақамли даврда жаҳолатга қарши маърифат" халқаро дастурини йўлга қўйиш таклиф этилган. Дастур доирасида кўп тилли ахборот ресурсларини яратиш, диний арбобларни ахборот муҳитида ишлашга тайёрлаш ва ислом динининг инсонпарварлик қадриятларини тарғиб қилаётган ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш режалаштирилган.
Учрашув якунида Мирзиёев сунъий интеллектнинг келажаги нафақат технологияларнинг ривожланишига, балки улардан қандай мақсадларда фойдаланилишига ҳам боғлиқлигини таъкидлаган. Унинг қайд этишича, янги технологиялар таҳдидлар манбаига эмас, тинчлик, хавфсизлик ва инсон тараққиётига хизмат қилиши лозим.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда экстремистик ташкилотларда иштирок этганлик учун 10 йилгача қамоқ жазоси белгиланганди.

Изоҳлар мавжуд емас