Загрузка
Загрузка
Ўзбекистонда 208 нафар фуқаро "Жамиятдаги фаол фуқаро" мақомини олиб, имтиёзлардан фойдаланиши мумкин
Жамият

Ўзбекистонда 208 нафар фуқаро "Жамиятдаги фаол фуқаро" мақомини олиб, имтиёзлардан фойдаланиши мумкин

18
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.   Ўзбекистонда жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган 208 нафар фуқарога махсус мақом бериш ва уларни рағбатлантириш тартиби белгиланмоқда. Ушбу мақомга эга бўлганлар давлат хизматлари учун айрим тўловларда чегирма, контракт пули ва автокредитнинг бошланғич бадали бўйича молиявий ёрдам олиши мумкин.

Тегишли қарор лойиҳаси 20 ноябрга қадар жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

Мазкур ташаббус Президентнинг 16 февралдаги фармони билан тасдиқланган 2026 йилга мўлжалланган ислоҳотлар дастури доирасида ишлаб чиқилган. Унинг асосий мақсади фуқароларнинг жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш, ижтимоий муаммоларни ҳал этишдаги ташаббусларини рағбатлантиришдан иборат. "Жамиятдаги фаол фуқаро" мақомини олиш учун бир нечта ижтимоий мезонлар белгиланган.

Жумладан, "Яшил макон" ва бошқа экологик лойиҳаларда қатнашиш, ёлғиз кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларга ғамхўрлик қилиш, маҳаллалардаги низоли оилалар масаласини ҳал этишда жамоатчи медиатор сифатида иштирок этиш, умумхалқ ҳашарларида фаол бўлиш, ёшларга тил ва касбларни бепул ўргатиш шулар жумласидан. Ҳар бир йўналиш учун энг кўпи билан 20 балл берилади.

Фаоллик "бир соат — бир балл" тамойили асосида баҳоланади. Бунда ҳар бир мезон бўйича белгиланган энг юқори баллдан ортиқ натижа ҳисобга олинмайди. Жамоатчи медиатор сифатида иштирок этган ҳолатларда эса низодаги томонларнинг розилиги ва маълумотлар махфийлиги таъминланиши керак. Шунингдек, ярашув натижасида оила ажрашишига олиб келадиган ҳолатлар ҳисобга олинмайди.

Мақомга эга бўлган фуқаролар давлат хизматларини олишда қонунчиликда белгиланган йиғим ва тўловлар бўйича 10 фоиз чегирмадан фойдаланиши мумкин. Бу имтиёз давлат божларига ва юридик шахс вакили сифатида мурожаат қилиш ҳолатларига татбиқ этилмайди.

Шунингдек, давлат олий таълим ташкилотида ўқиш учун тузилган контракт суммасининг 5 фоизи қоплаб берилиши, автотранспорт воситасини харид қилиш учун олинган кредитнинг бошланғич бадалидан эса 3 фоизи компенсация қилиниши таклиф этилган. Автокредит бўйича компенсация базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан ошмаслиги белгиланган.

"Жамиятдаги фаол фуқаро" мақоми бир йил амал қилади. Мақом соҳиблари "Фаол фуқаро" нишони билан тақдирланади, уларнинг яшаш хонадонига эса махсус белги ўрнатилади.

Ушбу мақомни олиш истагидаги фуқаролар ҳар ойнинг 15-санасига қадар Давлат хизматлари марказига шахсан мурожаат қилиши ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ариза юбориши мумкин. Онлайн аризалар дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, сутка давомида қабул қилинади. Хизмат бепул кўрсатилади.

Ариза билан бирга фуқаронинг белгиланган мезонлар бўйича фаолиятини тасдиқловчи фото, видео, мақола ва бошқа материаллар тақдим этилади.

Ҳужжатлар "Рақамли маҳалла" платформаси орқали масъул маҳалла еттилиги ва ваколатли ташкилотларга юборилади. Улар ҳар ойнинг 25-санасига қадар аризаларни ўрганиб, тўпланган балларни тизимга киритади.

Натижада 75 ва ундан юқори балл тўплаган аризачилар орасидан белгиланган 208 нафарлик квота доирасида мақом соҳиблари автоматик тарзда аниқланади ва QR-кодли электрон маълумотнома шакллантирилади.

Баллар тенг келиб қолган тақдирда, аризани биринчи бўлиб топширган фуқарога устунлик берилади. Мақомга эга бўлмаган аризачиларга эса рад этиш сабаби кўрсатилган хабарнома юборилади.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...