Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Сурхондарё вилоятининг Узун туманида маст ҳолда автомашина бошқарган ҳайдовчи пиёдалар ўтиш жойида уч кишини уриб юборди ва ҳодиса оқибатида бир аёл ва вояга етмаган қиз вафот этди, яна бир бола жароҳатланди.
Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов Batafsil.uz мухбирига маълум қилди.
Жиноят ишлари бўйича Узун туман судининг 2026 йил 22 октябрдаги ҳукмига кўра, 31 ёшли фуқаро 25 июль куни соат 21:30 атрофида Cobalt русумли автомашинада Узун туманидаги "Ўзбекистон" маҳалласи ҳудудидан ўтаётган йўлда ҳаракатланган. У Маландиён маҳалласи томон кетаётганида пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган уч кишини машинаси билан уриб юборган.
Ҳодиса оқибатида бир аёл ва ҳали вояга етмаган қизалоқ оғир тан жароҳатлари сабаб вафот этган. Вояга етмаган бир қиз эса енгил жароҳат олган.
Суд ҳужжатларида қайд этилишича, ҳайдовчи ҳодиса вақтида маст бўлган. Суд-кимёвий экспертизаси унинг қон намунасида 1,7082 промилле миқдорида этил спирти борлигини аниқлаган. У автомашинани соатига 80–90 километр тезликда бошқарган.
Суд-автотехника экспертизаси хулосасига кўра, пиёдалар йўлни кесиб ўтаётган вақтда ҳайдовчида автомашинани ўз вақтида тормозлаб, ҳодисанинг олдини олиш учун техник имконият бўлган. Бироқ у бу имкониятдан фойдаланмаган.
Судланувчи судда айбига иқрор бўлган. У ҳодиса куни соат 17:00 атрофида уйида 1,5 литр пиво ичганини, кейин турмуш ўртоғи билан йўлга чиққанини айтган. Ҳайдовчининг сўзларига кўра, пиёдаларни жуда яқин масофада кўрган ва тормоз босишга улгурмаган.
Айбланувчи одамларни уриб юборганидан кейин тахминан 15–20 метр юриб тўхтаганини, орқадан одамлар югуриб келаётганини кўриб қўрқиб кетгани учун яна ҳаракатни давом эттирганини билдирган.
Шунингдек, воқеа жойидан атайлаб қочмаганини, жабрланувчиларга ёрдам бериш нияти бўлганини айтган. Бироқ суд унинг жабрланувчиларни хавфли аҳволда қолдириб, ёрдам кўрсатмасдан ҳодиса жойини тарк этганини аниқлаган.
Жабрланувчиларнинг қонуний вакиллари суддан ҳайдовчига нисбатан оғирроқ жазо тайинлашни сўраган. Улар етказилган зарар қопланмаганини ҳам билдирган.
Суд гумонланувчининг айбига иқрор бўлгани, қилмишидан пушаймонлигини ва муқаддам судланмаганини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб баҳолаган. Маст ҳолда жиноят содир этгани эса жазони оғирлаштирувчи ҳолат сифатида ҳисобга олинган.
Ҳукмга кўра, ҳайдовчи Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми "а" банди ҳамда 117-моддаси 3-қисми "а" бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга 9 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Шунингдек, у уч йил муддатга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Жазо манзил-колонияда ўталиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда Lixiang Li 9 уриб юбориши оқибатида 39 ёшли пиёда вафот этганди.

Изоҳлар мавжуд емас