Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Янги Тошкент шаҳрида алоҳида ҳокимлик ташкил этилади. Унинг раҳбарини Президент тайинлайди ва лавозимидан озод қилади. Ҳокимлик бошқарув аппарати 14 нафар ходимдан иборат бўлади, шаҳарда 16 та давлат органи ва ташкилотининг бўлинмалари ҳам очилади.
Бу Президентнинг 2026 йил 10 ноябрдаги ПФ–243-сон фармонида белгиланган. Ҳужжатга кўра, янги ҳоким шаҳар алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик сифатида расман ташкил этилмасидан олдин ҳам ўз вазифаларини бажариши мумкин.
Эътиборли жиҳати, ҳоким Янги Тошкент қурилиши дирекциясига ўтказилган ҳудудларда айрим масалалар бўйича мустақил қарор қабул қилиш ваколатига эга бўлади. Ҳозиргача бу масалаларнинг бир қисми Тошкент вилояти ва унинг туман ҳокимликлари ваколатида бўлган.
Ҳокимликда кимлар ишлайди?
Янги Тошкент ҳокимлиги бошқарув аппаратида 14 нафар ходим фаолият юритади. Уларнинг таркибига ҳоким, биринчи ўринбосар, яна икки нафар ўринбосар, ёрдамчи, матбуот хизмати раҳбари ва ташкилий-назорат гуруҳи, бухгалтерия, юридик хизмат ҳамда девонхона ходимлари киради.
Матбуот хизмати раҳбари бир вақтнинг ўзида давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчи вазифасини ҳам бажаради. Ҳоким ўз ўринбосарларининг иш йўналишларини ҳудудни ривожлантириш режаларидан келиб чиқиб мустақил белгилайди.
16 та давлат идораси бўлинмаси очилади
Янги Тошкентда 16 та давлат органи ва ташкилотининг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилади. Улар учун жами 30 та штат бирлиги ажратилган.
Бўлинмалар экология, таълим, қурилиш, иқтисодиёт, инвестициялар, маданият, кадастр, соғлиқни сақлаш ва солиқ соҳаларида фаолият юритади. Шунингдек, Президентнинг Халқ қабулхонаси, ёшлар, оилалар ва маҳаллалар билан ишлаш тузилмалари ҳам ташкил этилади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар учун ҳам алоҳида бўлинмалар очилиши белгиланган. Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бир ой ичида бўлажак шаҳар ҳудудида ўз тузилмаларини ташкил этиши керак. Бунинг учун идораларнинг мавжуд штат бирликларидан фойдаланилади.
Ҳокимлик харажатлари республика бюджетидан қопланади
Дастлаб ҳокимлик ва давлат идораларининг янги бўлинмалари "Янги Тошкент" собиқ лойиҳа офиси биносига жойлаштирилади. Уларга хоналар бепул берилади.
Янги бошқарув органларини сақлаш харажатлари республика бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.
Шу тариқа, Янги Тошкентда шаҳар расман маъмурий-ҳудудий бирлик сифатида ташкил этилмасидан аввал алоҳида бошқарув тизими шакллантирилади. Унинг ҳокими Президент томонидан тайинланади ва ҳудуддаги айрим масалалар бўйича мустақил қарор қабул қилиш ваколатига эга бўлади.

Изоҳлар мавжуд емас