Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Россиядаги Жанубий округ ҳарбий суди Ўзбекистон фуқароси Альмир Актугановни Ставрополь шаҳридаги маъмурий бинолар ва бошқа объектларда теракт тайёрлашда айбдор деб топди. У 23 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Маълумотларга кўра, Актуганов 2025 йил 25 февраль куни Россияда террорчилик ташкилоти деб топилган ва фаолияти тақиқланган "Россия озодлиги легиони" аъзоларидан бирига эҳтимолий ҳужум учун танланган объектлар ҳақида маълумот юборган.
У Ставрополь шаҳридаги Октябрь тумани маъмурияти, шаҳар маъмурияти ва шаҳар думаси бинолари, шунингдек, Ставрополь ўлкаси Табиий ресурслар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги биносини нишон сифатида белгилаган.
Шунингдек, у ушбу объектлар ўртасидаги ҳаракатланиш йўналишини ҳам аниқлаган.
Тергов версиясига кўра, Актуганов Москвада бўлган вақтида тақиқланган ташкилот аъзоси билан интернет орқали ёзишмалар олиб борган, ташкилотга қўшилиш учун анкетани тўлдириб, юборган.
Кейинчалик унга Ставропольдаги ҳарбий, маъмурий ва саноат объектлари ҳақида маълумот тўплаш ҳамда уларни ташкилот вакилига етказиш топшириғи берилган.
Ушбу топшириқни бажариш учун Актуганов бир неча бор Россия Федерал хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги бинолари олдига борган.
Шу билан бирга, тергов маълумотларига кўра, унга ўз қўлбола ёндирувчи қурилмаларни тайёрлаш учун зарур қисмларни сақлаш мақсадида турар жой ижарага олиш ва керакли материалларни сотиб олиш вазифаси ҳам топширилган.
Актугановга нисбатан террорчилик ташкилоти фаолиятида иштирок этиш, терактга тайёргарлик кўриш, жосуслик ва Россия хавфсизлигига қарши қаратилган фаолиятда душманга ёрдам бериш моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Суд ҳукмига кўра, у 23 йиллик жазонинг 5 йилини тюрмада, қолган 18 йилини эса қаттиқ тартибли колонияда ўтайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Таиланддаги қотиллик ишида гумон қилинган ўзбекистонлик Нью-Йоркда ушланганди.

Изоҳлар мавжуд емас