Ёзнинг жазирама бўлиши кутилмоқда. Ўзбекистонда ҳар йилгидан кўра 8-10 даража юқори бўлган янги ҳарорат рекордлари ўрнатилди
Жамият

Ёзнинг жазирама бўлиши кутилмоқда. Ўзбекистонда ҳар йилгидан кўра 8-10 даража юқори бўлган янги ҳарорат рекордлари ўрнатилди

1685

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. “Ўзгидромет” тахминига кўра, 2020 йилнинг ёзи иссиқ бўлиши кутилмоқда. Ўзбекистоннинг шимолида одатий қийматлардан 8-10 даража юқори бўлган янги ҳарорат рекордлари ўрнатилди. Бу ҳақида Batafsil.uz мухбири хабар бермоқда.

Метеорологлар май ойининг охирги ҳафтаси ноодатий иссиқ бўлганлигини қайд этишди: ҳарорат 36-38 даражагача, жанубда эса 40 даражагача кўтарилди.

Энг юқори ҳароратлар Қарақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида кузатилган. Бу ҳудудларда ҳаво 40-42 даража, чўл зонасининг айрим жойларида 43-44 даражагача исиган. Бу май ойининг охири учун хос бўлган кўрсаткичлардан 5-7 даражага, шимолда эса 8-10 даража юқоридир.

Шимолий ҳудадларда янги ҳарорат рекордлари ўрнатилди - Қарақалпоғистон ва Хоразм вилоятининг кўпчилик метеорологик станциялари бу йилги май ойида бундай юқори ҳароратни аввал қайд этмаган.

“Ўзгидромет” келаётган ёзнинг об-ҳавоси бўйича   маълумот берар экан, замонавий мавсумий прогнозлар тахминий тавсифга эгалиги ва умуман олганда мавсумга баҳо бериш учун фойдаланилшини эслатиб ўтмоқда. Синоптикларнинг таъкидлашича, узоқ муддатга юқори даражадаги аниқ маълумот беришнинг имкони йўқ.

Мавсумий прогнозлар билан шуғулланадиган жаҳон об-ҳаво марказлари маълумотларига кўра, кириб келган ёзда сайёрамизнинг катта қисмида ҳароратнинг мусбат аномалияси билан боғлиқ циркуляция режимларининг устун келиши мумкин.

2020 йилнинг ёзида Ўзбекистон, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистонда, шунингдек Қозоғистоннинг жанубий, ғарбий, шарқий минтақаларида 40% эҳтимол билан ҳарорат фонининг меъёрдан юқори бўлиши кутилмоқда.

Бу эса ўзбекистонликлар кузатиб келаётган глобал исиш тенденциясига мувофиқдир.   Ўтган 2019 йил тарихда энг иссиқ йиллар ичида 2016 йилдан кейин иккинчи ўринни эгаллаган. Ўтгнан бошқа йиллар ҳам бутун асбоб-ускуналар билан кузатув даври учун энг иссиқ топ-5 ёки топ-10 га кирган. Шунинг учун бу йилги ёз иссиқ бўлиши эҳтимолга яқин. Бироқ, “Ўзгидромет”нинг таъкидлашича, бу  ҳали 100 фоизли прогноз эмас.

Бундан ташқари ўртачалаштирилган умумий тавсиф мавсум давомида қандай муайян ҳарорат қийматлари кузатилиши тўғрисида тасаввур бермайди. Иссиқ ҳароратнинг сустлашиши, ёки бир ой жуда иссиқ бўлиб, қолган икки ой давомида ҳарорат меъёрга яқин бўлиши мумкин.

Ҳозирча ёзнинг биринчи ҳафтасида кутилаётган об-ҳаво тўғрисида аниқ гапириш мумкин. Ҳарорат кўтарилиб, 38-40 даражага, мамлакатимиз жануби ва чўл зонасида айрим жойларда 43 даражагача етади. Синоптикларнинг фикрича, дам олиш кунлари ҳарорат бироз пасаяди.

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...
18+