Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, мамлакатда 18 ёшдан ошган аҳолининг 64 фоизи ортиқча вазнга эга. Бу кўрсаткич сўнгги 44 йил ичида икки баравардан зиёдга ошган бўлиб, аҳолининг 20 фоизи клиник семизликдан азият чекмоқда.
Таққослаш учун, 1980 йилда мамлакатда ортиқча вазнли катталар улуши 28 фоизни ташкил этган. Марказий Осиё минтақасидаги бошқа давлатларда бу кўрсаткич Туркманистон ва Тожикистонда 58 фоиздан, Қозоғистон ва Қирғизистонда эса 56 фоиздан қайд этилган. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг бошқа аъзоларидан Россияда 18 ёшдан ошганларнинг 56 фоизи, Беларусда эса 55 фоизи ортиқча вазнли деб баҳоланган. Глобал миқёсда эса дунё аҳолисининг ўртача 45 фоизи ушбу муаммога дуч келган.
Шунингдек, Ўзбекистонда бир киши учун ўртача кунлик туз истеъмоли 14,9 граммни ташкил этиб, бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тавсия этилган 5 граммлик меъёрдан қарийб 3 баравар кўпдир. Бундан ташқари, аҳолининг учдан бир қисми рационда етарли миқдорда мева ва сабзавотларни истеъмол қилмайди, 46 фоиз фуқароларда эса қондаги холестерин миқдори меъёрдан юқори экани қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилдаёқ Ҳукумат аҳолининг ортиқча вазни ва семириб кетиши муаммосига қарши курашишга қарор қилганди. Буни зарарли озиқ-овқат ва ичимликлар рекламасини чеклаш, шунингдек уларни таълим муассасалари ўқувчиларининг рационидан чиқариб ташлаш орқали амалга ошириш режалаштирилган.

Изоҳлар мавжуд емас