Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкентда тадбиркорлардан қўрқитиш ва босим ўтказиш орқали жами 108 минг доллар маблағ ундирилгани ҳақидаги мурожаатлар асосида "Иззат Назарбек" лақаби билан танилган шахс қўлга олинди. Тезкор тадбир давомида ундан икки дона тўппонча ва ўқ-дорилар ҳам топилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган тадбиркорлардан бири ўзидан BMW X5 автомобили учун 30 минг доллар, ошхона мебели учун 15 минг доллар ва бошқа ҳолатлар бўйича умумий ҳисобда 70 минг доллар маблағ босим ва қўрқитиш орқали олинганини билдирган. Унинг айтишича, пул беришдан бош тортганида унга нисбатан куч ишлатилган.
Яна бир тадбиркор эса бизнесга мажбуран шерик қилинганини, Туркияда жиноий муҳит вакили билан учраштирилганини ҳамда қўрқитиш орқали автомобиль сотиб олишга ва жами 38 минг доллар беришга мажбур бўлганини маълум қилган.
Терговга қадар текширув жараёнида яна бир аёл ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиб, шахсий суратларини тарқатиб юбориш билан таҳдид қилингани ва учрашувга мажбурланганини айтган.
Тезкор тадбирлар натижасида гумонланувчининг шахси аниқланган. Тергов маълумотларига кўра, у 38 ёшли Исоқ исмли шахс бўлиб, "Иззат Назарбек" лақаби билан танилган. У Учтепа туманидаги спорт залларидан бирида қўлга олинган.
Кўздан кечириш жараёнида унга тегишли икки дона "Байкал" русумли тўппонча, уларга мос ўқ-дорилар, пичоқлар ва тўппонча ғилофи ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми "а" банди ҳамда 121-моддаси 4-қисми "в" банди билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Аввалроқ Тошкент шаҳрида яшовчи, 1979 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс ва унинг 1988 йилда туғилган укаси Тошкент туманидаги коттеж уйни 66 минг АҚШ долларига сотиб олишга келишиб, товламачилик содир этганди. Улар дастлаб уй эгасига 30 минг АҚШ доллари бериб, қолган 36 минг долларни 6 ой ичида тўлашни ваъда қилиб, 2022 йилнинг май ойида уйни катта акалари номига нотариал расмийлаштирган эди.

Изоҳлар мавжуд емас