Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда 2025 йилда 7 517 нафар шахс коррупцион жиноятлар содир этгани учун жиноий жавобгарликка тортилди ва ушбу қилмишлар оқибатида давлат манфаатларига 2,9 триллион сўмдан ортиқ зарар етказилди. Бу ҳақда Сенатнинг расмий ахборот сайтида хабар берилди.
Расмий хабага кўра, ҳудудлар кесимида энг кўп коррупцион жиноятлар Андижон (946 нафар), Тошкент (793 нафар), Қашқадарё (745 нафар), Самарқанд (709 нафар) ва Наманган (509 нафар) вилоятларида қайд этилган.
Соҳалар бўйича эса асосий ҳуқуқбузарликлар мактабгача ва мактаб таълими, маҳаллий ҳокимликлар, соғлиқни сақлаш тизими, тижорат банклари ҳамда олий таълим муассасалари ходимлари ҳиссасига тўғри келган.
Шунингдек, cенат вакили жиноятлар сонининг ортишини уларни фош этиш фаоллиги кучайгани билан изоҳлаган бўлса-да, вазирлик ва идоралардаги комплаенс-назорат тузилмалари самарали профилактика ўрнига шунчаки ҳисобот топшириш билан чекланиб қолаётганини танқид қилган.
Олдинроқ Наманган шаҳрининг собиқ ҳокими Анвар Отахўжаев коррупция ва мансабдорлик жиноятлари бўйича айбдор деб топилиб, 11 йил муддатга озодликдан маҳрум этилганди. Суд, шунингдек, унга уч йил давомида давлат хизмати ҳамда моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлашни тақиқлаган эди.

Изоҳлар мавжуд емас