Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг маълум қилишича, Ўзбекистон кузда инфекцияларнинг тарқалишини олдини олиш учун мавсумий касалликларга қарши эмлаш вакциналарини харид қилишни якунламоқда.
“Кузда юз бериши мумкин бўлган инқирозли ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мавсумий касалликларга қарши зарурий эмлашларни харид қилиш бўйича ишлар ўз ниҳоясига етмоқда. Бунинг сабаби шундаки, грипп ва бошқа касалликларнинг коронавирус инфекцияси билан бирга келиши инқирозга олиб келмаслиги ва соғлиқни сақлаш тизимимизга оғир юк бўлмаслигини таъминлаш зарур. Хусусан, касалликнинг авж олишига йўл қўймаслик учун пневмококкли инфекция ва гриппга қарши эмлашлар сотиб олинмоқда”, -деди у.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, кўплаб мутахассислар коронавирус инфекциясининг иккинчи тўлқини кузда бошланиши мумкинлиги ҳақида айтишмоқда. Совуқ ва ёмғирли об-ҳаво келиши биланоқ, фуқароларнинг ишга ёки ўқишга қайтишганида иккинчи тўлқиннинг пайдо бўлиши, шу жумладан, ҳамроҳ инфекцияларнинг қўшилиб келиш эҳтимоли жуда юқори.
Классик маънода "иккинчи тўлқин" деганда, мутахассислар биринчи тўлқиндаги ҳолатлар сони нисбатан паст даражага тушиб, бир неча ойдан кейин касаллик яна ўзини намоён қилишини тушунишади.
Миннесота университети (АҚШ) ҳузуридаги юқумли касалликларни ўрганиш маркази мутахассисларининг сўзларига кўра, COVID-19 пандемияси икки йил ҳам давом этиши мумкин. Уларнинг таъкидлашича, баъзи кишиларда аломатлар бўлмаганлиги учун мазкур касалликни назорат қилиш қийин ва у тўлқинсимон тарзда ривожлана олади.
Эслатиб ўтамизки, 4 август куни Шавкат Мирзиёев Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаевга бир ҳафта ичида ковидга қарши вакциналарни сотиб олиш ва аҳолини эмлаш имкониятларини ўрганишни топширган эди.
Изоҳлар мавжуд емас