Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Чирчиқда Россиядан катта миқдордаги гашиш солинган жўнатмани олган 17 ёшли мактаб ўқувчиси ушланди. Консерва банкаларида қарийб бир килограмм гиёҳвандлик моддаси яширилган.
Операцияни Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлигининг тезкор бўлинмалари билан ҳамкорликда ўтказган.
17 ёшли ўсмир жўнатмани олган вақтида ушланган. Холислар иштирокида жўнатма очилганда тўртта консерва банкасига яширилган наша топилган.
Мактаб ўқувчисининг уйини кўздан кечириш чоғида электрон тарози, "зип" пакетлар ва изолента ҳам топилган. Ушбу ашёлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 852,2 грамм гашиш 60 мингдан ортиқ дозани ташкил этади. Қора бозорда бундай партиянинг нархи қарийб 600 минг долларга баҳоланмоқда.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Божхона қўмитаси ота-оналарни фарзандларини диққат билан кузатишга, жумладан, уларнинг ижтимоий тармоқларда кимлар билан мулоқот қилиши ва бўш вақтини қандай ўтказишига эътибор қаратишга чақирган.
Аввалроқ Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан 24 килограмм наша тарқатилишига чек қўйилганди. Айбланувчилардан бири қўшни давлат ҳудудидан Норин дарёси орқали 20 килограмм гиёҳвандлик воситасини олиб ўтган.

Изоҳлар мавжуд емас