Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ вояга етмаган ўсмирлар бошқа тенгдошларига нисбатан зўрлик ишлатиб, уларнинг шахсий буюмларини тортиб олгани акс этган видеотасвирлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан ўтказилган атрофлича ўрганишлар натижасида ҳодисанинг барча тафсилотларига аниқлик киритилган ва иштирокчиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
ИИБ берган расмий ахборотга кўра, ҳодиса жорий йилнинг 19 сентябрь куни соат 13:00 ларда Наманган шаҳрининг "Даштбоғ" маҳалласи ҳудудида содир бўлган. Наманган шаҳри ва Янги Наманган туманида истиқомат қилувчи, 16 ёшли ҳамда 2-сонли касб-ҳунар техникумининг 1-босқичида таҳсил олувчи 7 нафар ўқувчи шу техникумда бирга ўқийдиган 4 нафар тенгдошини тўхтатган. Сўнг уларга нисбатан очиқдан-очиқ зўрлик ишлатиб, ёнидаги пуллари, қўл соатлари ва уяли телефонларини ноқонуний равишда эгаллаб олишган.
Ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида видеотасвирда акс этган барча вояга етмаган иштирокчиларнинг шахси тўлиқ аниқланган. Ҳуқуқ-тартибот идораларининг таъкидлашича, зўравонлик ҳолатига қарамай, ҳодиса оқибатида жабрланувчилардан ҳеч бирига тан жароҳати етказилмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми "в" банди (бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган талончилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда вояга етмаган айбдорларга нисбатан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Денов туманида фуқаролардан таҳдид ва зўрлик орқали пул ундириб келган тўрт кишидан иборат жиноий гуруҳ зарарсизлантирилганди.

Изоҳлар мавжуд емас