Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президентнинг янги фармони билан 2026 йил 1 майдан бошлаб олий таълим ва илмий муассасалар ҳузурида янги ишланмаларга асосланган spin-off корхоналарини ташкил этиш тизими жорий этилмоқда. Ушбу механизм илмий тадқиқот натижаларини лабораториялардан тўғридан-тўғри ишлаб чиқаришга олиб чиқиш ва олийгоҳларнинг бюджетдан ташқари даромадларини кўпайтиришга хизмат қилади.
Янги тартибга мувофиқ, мазкур корхоналар устав фондининг камида 25 фоизи муассисларнинг ўз маблағлари ҳисобидан шакллантирилади, қолган қисмига эса венчур фондлари ва хорижий инвесторларни жалб қилишга рухсат берилади.
Эътиборли жиҳати, ушбу корхоналарда профессор-ўқитувчилар, талабалар ва изланувчиларнинг фаолият юритиши мажбурий этиб белгиланган. Давлат улушини бошқариш ҳуқуқи муассисларга берилади ва дастлабки беш йил давомида бу улушни хусусийлаштириш тақиқланади.
Иқтисодий рағбатлантириш мақсадида spin-off корхоналари учун кенг кўламли имтиёзлар пакети тақдим этилмоқда. Жумладан, патентсиз ишланмалар асосида ишлаб чиқаришни йўлга қўйган корхоналар 2029 йилгача фойда солиғини 50 фоиз пасайтирилган ставкада тўлайдилар.
Шунингдек, муассисларга ўзларининг бўш турган биноларини корхоналарга текин фойдаланишга бериш ёки ер участкаларида 5 йилгача муддатга енгил конструкцияли объектлар қуриш ҳуқуқи берилган. Молиявий барқарорликни таъминлаш учун ушбу корхоналар истиқболсиз сифатида тугатилмайди, балки уларнинг соф фойдаси давлат улушини ошириш орқали қайта инвестиция қилиб борилади.
Фармон билан илм-фанни қўллаб-қувватлашнинг бошқа йўналишлари ҳам кенгайтирилган. Эндиликда давлат илмий дастурлари доирасидаги тажриба-синов ишлари учун сарфланган харажатларнинг бир қисми махсус жамғарма ҳисобидан қопланади. Шу билан бирга, олис ҳудудларда чет тили марказларини очиш учун бериладиган 320 баравар БҲМ миқдоридаги фоизсиз ссудадан фойдаланиш ҳуқуқи эндиликда ёш чекловисиз, C1 сертификатига эга барча фуқароларга татбиқ этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда олий таълим тизимининг фаолият юритиш тартиби янгиланганди. Адлия вазирлиги олий таълим муассасалари тизими қандай ташкил этилишини - ўқув жараёнини ташкил этишдан тортиб талабалар ва ўқитувчиларнинг ҳуқуқларигача белгилайдиган ҳужжатни яна бир бор тасдиқлаган.

Изоҳлар мавжуд емас