Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Оролни қутқариш халқаро жамғармасига 2027–2029 йиллардаги раислиги даврида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Сув ресурслари, экология ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларни қамраб олган 133 та лойиҳанинг умумий қиймати 3,3 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Лойиҳаларни амалга ошириш учун Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Яшил иқлим жамғармаси ва бошқа халқаро ташкилотларнинг маблағларини жалб қилиш режалаштирилган.
Ташаббуслар доирасида сув хўжалиги иншоотларини модернизация қилиш, сув ресурсларини тақсимлаш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий этиш кўзда тутилган. Шунингдек, тошқин ва қурғоқчиликни прогнозлаш, эрта огоҳлантиришнинг минтақавий рақамли платформасини яратиш, аҳолини ичимлик суви ва санитария хизматлари билан таъминлашни яхшилаш режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси 1993 йилда Марказий Осиё давлатлари томонидан ташкил этилган. Ўзбекистон 2027–2029 йилларда ушбу ташкилотга раислик қилади.
Тақдимотда жамғарманинг ташкилий тузилмаси ва ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, унинг органлари ваколатларини аниқ белгилаш ҳамда Афғонистон билан ҳамкорликни кучайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Жамғарма фаолиятини илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти миллий тадқиқот университети асосий илмий-таҳлилий платформага айлантирилади. Унда сунъий интеллект технологияларини таълим ва тадқиқот жараёнларига жорий этиш, сув тежамкорлиги ва экологик тикланиш бўйича илмий изланишларни кенгайтириш режалаштирилган.
Шунингдек, Амударё ва Сирдарё ҳавзалари бўйича ягона маълумотлар базаси яратилади. Марказий Осиё ва Афғонистон учун сув хўжалиги йўналишида бакалавриат ва магистратура дастурлари ишга туширилиши ҳам кўзда тутилган.
Президент масъулларга келгуси йилда бажариладиган ишлар бўйича ойлар кесимида "йўл харитаси"ни тасдиқлаш ва лойиҳалар ижросини таъминлашни топширган. Уларни амалга оширишга халқаро экспертлар, олимлар ва хориждаги ватандошларни ҳам жалб этиш зарурлиги таъкидланган.
Аввалроқ Орол денгизининг қуриган тубида ер ости сувларини қидириш ва қазиб олиш учун артезиан қудуқлари қазила бошланганди. Мутахассислар чуқурлиги 500 метрдан 700 метргача бўлган учта қудуқни бурғулаш ишларини якунлаган эдилар.

Изоҳлар мавжуд емас