Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 6 ноябрдан бошлаб Ўзбекистонда мобиль қурилмаларни мамлакатга олиб кириш ва уларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш бўйича назорат кучайтирилди. Айрим смартфонлар қўшимча экспертизага юборилмоқда, текширув жараёни эса 30 кунгача давом этиши мумкин.
Хабарларга кўра, текширув давомида телефон аэропортда қолдирилиши мумкин.
Шу билан бирга, улар IMEI-кодни тезлаштирилган тартибда расмийлаштириш имконияти ҳам борлигини билдирмоқда. Бундай ҳолатда смартфонни бир кун ичида олиш мумкин, бироқ хизмат нархи анча қимматга тушади.
Масалан, аввал iPhone 18 Pro Max смартфонининг IMEI-кодини расмийлаштириш учун тахминан 150 доллар тўлангани айтилмоқда. Ҳозир эса фойдаланувчилар икки хил таклиф борлигини билдирилган. 30 кунгача давом этадиган экспертизани кутиш ёки бир кун ичида расмийлаштириш учун тахминан 450 доллар тўлаш. Уларнинг сўзларига кўра, тезлаштирилган хизмат нархи телефон моделига қараб 400 доллардан 1 100 долларгача етади.
Божхона қўмитаси матбуот хизмати назорат кучайтирилишини IMEI-кодларни қалбакилаштириш ва клонлаштириш, бошқа қурилмаларнинг идентификаторларидан фойдаланиш ҳамда мобиль телефонларни ноқонуний олиб кириш ҳолатлари аниқлангани билан изоҳлаган.
Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида мамлакатга расмий равишда 4 миллионта мобиль қурилма олиб кирилган. Шу даврда давлат бюджетига 1,6 триллион сўм божхона тўловлари келиб тушган.
Телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази вакиллари билан ўтказилган ишчи учрашувда мобиль қурилмаларнинг яширин айланмасини қисқартириш ва уларнинг ноқонуний олиб кирилишининг олдини олиш чоралари муҳокама қилинган.
Назоратни кучайтириш учун чегарадаги божхона постларини замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, божхона расмийлаштируви ва IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказиш жараёнларини соддалаштириш, шунингдек, идораларнинг ахборот тизимларини бирлаштириш режалаштирилган.
Шу билан бирга, Божхона қўмитаси хабарида IMEI-кодларни 400–1 100 доллар эвазига тезлаштирилган тартибда расмийлаштириш бўйича расмий тарифлар ёки бундай хизматни кўрсатиш тартиби келтирилмаган. Демак, ушбу нархлар ҳозирча фойдаланувчилар билдирган маълумотларга асосланади.
Аввалроқ Ўзбекистонга товарларни олиб кириш учун декларацияни энди онлайн тўлдириши ҳақида хабар берилганди.

Изоҳлар мавжуд емас