Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида қум-шағал аралашмасини ноқонуний қазиб олиш ҳолати аниқланди. Ҳуқуқбузар ўзганинг ҳудудига тегишли яйлов ер майдонида рухсатсиз қазиш ишларини олиб борган. Ҳолат оқибатида табиатга 8,9 миллиард сўм зарар етказилгани ҳисобланган.
Бухоро вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бошқармаси Экополиция ходимлари дрон ёрдамида ўтказган назорат рейди давомида Ғиждувон туманидаги "Кўкча" маҳалласи ҳудудида қонунбузилишни аниқлаган.
Маълум қилинишича, бир шахс ўзига тегишли бўлмаган яйлов ер майдонида қум-шағал аралашмасини ноқонуний қазиб олган.
Мутахассислар ўрганиш ва ҳисоб-китоб ишларидан сўнг атроф-муҳитга етказилган зарар миқдорини 8,9 миллиард сўм деб баҳолаган.
Ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чора кўриш учун Бухоро вилояти прокуратурасига юборилган. Экологик назорат рейдлари давом эттирилаётгани билдирилган.
Маълумот учун, Ўзэнергоинспекция энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ 2 795 та ҳолатни аниқлаганди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бунинг оқибатида давлат манфаатларига жами 825,3 миллиард сўм зарар етказилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас