Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон ва Туркия атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва чиқиндиларни бошқариш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди. Бу ҳақда Анталияда ўтаётган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича 31-конференцияси (COP31) доирасида маълум қилинди.
Конференция доирасида Ўзбекистон Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Туркиянинг атроф-муҳит, урбанизация ва иқлим ўзгариши вазири Мурат Курум билан учрашган.
Музокараларда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш, чиқиндиларни бошқариш, барқарор шаҳарларни ривожлантириш ва углерод бозорлари масалалари муҳокама қилинган.
Учрашув якунида Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда Туркиянинг тегишли вазирлиги ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ўзаро англашув меморандуми имзоланган.
Ҳужжат иқлим ўзгаришини юмшатиш ва унинг оқибатларига мослашиш, табиий ресурслар ва муҳофаза этиладиган ҳудудларни асраш, атмосфера ҳавоси ҳамда сув ресурслари ифлосланишининг олдини олиш, чўлланиш ва ерлар деградациясига қарши курашиш каби йўналишларни қамраб олади.
Шунингдек, чиқиндиларни бошқариш, айланма иқтисодиётни ривожлантириш ва экологик таълим соҳаларида ҳамкорлик қилиш, тажриба алмашиш, қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилган. Томонлар миллий иқлим мажбуриятларини инвестиция жалб қилишга мос лойиҳаларга айлантиришга қаратилган BRIDGE ташаббусини ҳам муҳокама қилган.
Бундан ташқари, Туркиянинг 2027 йил 15–17 июнь кунлари Тошкентда ўтказиладиган Eco Expo Central Asia халқаро кўргазмасида иштирок этиш истиқболлари кўриб чиқилган. Меморандум Ўзбекистон ва Туркия ўртасида экологик барқарорлик ва иқлим масалалари бўйича амалий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент 2027 йилда "Туркий дунёнинг туризм пойтахти" мақомига эга бўлиши ҳақида хабар берилганди.

Изоҳлар мавжуд емас