Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент йўл инфратузилмасини яхшилаш орқали Ўзбекистон йўлларида автоҳалокатларни камайтиришга ёрдам берадиган "Хавфсиз йўл" миллий дастури бошланганини эълон қилди.
Бу ҳақда давлат раҳбари йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш ва инфратузилмасини яхшилаш, тирбандликларни камайтириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилишида айтиб ўтди.
Қайд этилишича, "Хавфсиз йўл" дастури доирасида "Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда" республика жамғармаси фаолияти йўлга қўйилади. Жамғарма ҳукуматга бўйсунади, унинг филиаллари мамлакатнинг ҳар бир ҳудудида ташкил этилади.
Жорий йилда жамғармага 400 миллиард сўм ажратилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, фото ва видеорадарлардан бюджетга тушадиган жарималарнинг 25 фоизи ҳам жамғарма ва унинг ҳудудий филиалларига йўналтирилади.
Маблағлар авария ўчоқларини бартараф этиш ва йўлларнинг энг хавфли қисмларини тартибга солишга сарфланади. Ажратувчи тўсиқлар, йўл белгилари, ёритгичлар ўрнатиш, пиёдалар ўтиш жойларини ташкил этиш, чорраҳаларни рақамлаштириш ва бошқа чора-тадбирлар устувор аҳамиятга касб этади.
Жамғарма фаолияти шаффоф бўлади. Унинг таркибига вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари, йўл хизматлари раҳбарлари, шунингдек, жамоатчилик вакиллари киради.
Шунингдек, энг муаммоли ҳудудларни аниқлаш бўйича махсус электрон портал ишга туширилиб, жамоатчилик фикри асосида шакллантирилади.
Порталда туман ҳокимлари ва ИИБ бошлиқлари йўл белгилари, чизиқлар, пиёдалар ўтиш жойлари ва светофорлар ўрнатилиши керак бўлган жойлар тўғрисидаги маълумотларни очиқ жойлаштириши, шунингдек, харажатлар сметасини тақдим этиши ҳам мумкин бўлади. Шунингдек, аҳоли ушбу рўйхатни тўлдириб, лойиҳаларга овоз бера олади.
Ҳисобот сифатида ва жамоатчилик томонидан баҳолаш учун порталда бажарилган ишларнинг видео ва фото материаллари жойлаштирилади.
Ички йўллардаги тартибга масъул этиб вилоят ва туман ҳокимлари белгиланди.
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистонда ҳар куни ўртача олти киши йўл-транспорт ҳодисалари қурбонига айланмоқда. Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистондаги йўлларда ўлим даражаси МДҲ давлатлари орасида энг паст кўрсаткичлардан бири бўлишига қарамай, вазият кескинлигича қолмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев йиғилишда айтиб ўтди.

Изоҳлар мавжуд емас