Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистондаги 56 та сув омборининг фақат тўрттасида қутқарув хизмати ташкил этилган. Айни пайтда яна 25 та сув омборида туризм хизматларини йўлга қўйиш имконияти бор. Президент Шавкат Мирзиёев сув омборларидан фойдаланиш ва уларда хавфсизликни таъминлаш бўйича тақдимот билан танишиб, қутқарув тизимини кенгайтириш масаласини кўриб чиқди.
Тақдимотда сувдаги бахтсиз ҳодисаларга тезкор жавоб бериш учун профессионал қутқарув хизматларини ташкил этиш таклиф қилинган. Бу борада Каркидон сув омбори намуна сифатида келтирилган. Қутқарувчи-ғаввосларни дуал таълим асосида тайёрлаш, туристик объектлар ходимларини биринчи ёрдам кўрсатиш ва фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ўргатиш ҳам режалаштирилмоқда.
Ҳозир бешта сув омборида туризм хизматлари йўлга қўйилган. Яна 25 тасида сайёҳликни ривожлантириш имконияти мавжуд. Бунинг учун тадбиркорларга солиқ ва божхона имтиёзлари бериш таклиф этилган. Жумладан, сув омборлари атрофида туризм хизматларини ташкил этган тадбиркорлар 2029 йил 1 октябргача ер ва мол-мулк солиғининг ярмини тўлаши мумкин. GPS, қутқарув ва хавфсизлик ускуналарини олиб киришдаги божхона тўловларини эса 120 кунга кечиктириш ёки бўлиб тўлаш имкониятини бериш режалаштирилмоқда.
Бироқ туризмни кенгайтириш билан бирга дам олувчилар хавфсизлигини таъминлаш талаблари ҳам белгиланмоқда. Туристик хизматларни сертификатлаш, тадбиркорларнинг профессионал қутқарув хизматлари билан шартнома тузишини мажбурий қилиш таклиф этилган. Дам олиш масканларига қутқарув қайиқлари, кузатув миноралари ва сув чуқурлигини кўрсатувчи белгилар ўрнатиш ҳам назарда тутилган.
Сув омборларининг техник ҳолати ҳам ўрганилмоқда. Ҳозиргача 25 та сув омбори жойига чиқиб текширилган. Хавфли ўзгаришларни олдиндан аниқлаш учун видеокузатув, сейсмологик ускуналар, маҳаллий огоҳлантириш тизимлари ва рақамли назорат воситаларини кенгайтириш режалаштирилган.
Тақдимот якунида Президент қутқарув хизматларининг тезкорлигини ошириш, сув омборларида профессионал қутқарув тизимини йўлга қўйиш ва туристик ҳудудларда хавфсизлик талабларини аниқ белгилаш бўйича масъулларга топшириқлар берди.
Олдинроқ Ўзбекистонда қутқарувчиларнинг етиб бориш вақтини шаҳарларда 5–7 дақиқага тушириш режалаштирилгани ҳақида хабар берган эдик.

Изоҳлар мавжуд емас