Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда тиббиётни рақамлаштириш янги босқичга кўтарилди: эндиликда аҳолининг тиббий маълумотлари ягона электрон база — DMED тизими орқали сақланади ва бошқарилади. 36 миллиондан ортиқ фуқаронинг маълумотлари тизимга киритилган ва MED-ID — ягона электрон тиббий карта шакллантирилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Тизим орқали 40 га яқин клиник йўналишда 400 дан зиёд ташхис ва даволаш протоколлари жорий қилинган, бу диагностика ва даволаш жараёнини аниқ ва самарали қилиб кўрсатишга имкон беради.
Шунингдек, Президент топшириғига мувофиқ, Юнусобод туманида "Электрон рецепт" тизими тажрибавий тарзда ишга туширилган. Бу тизим орқали дори воситаларининг қалбаки ёки сифатсиз бўлиш ҳолатлари камайтирилади. DARMON ва DMED тизимлари интеграция қилиниши натижасида 3 100 дан ортиқ дори воситалари автоматик равишда янгиланиб туради.
Ҳозирда Юнусобод туманида 20 дан зиёд давлат ва 200 га яқин хусусий клиника ҳамда 190 дан ортиқ дорихона DMED платформасига уланган. Туман тажрибаси асосида республикадаги 12 минг дорихонанинг 8 мингдан ортиғи (66 фоиз) электрон тизимга қўшилган.
Тизим жорий этилгандан сўнг ортиқча дори ёзиш ҳолатлари 40 фоизга камайган, тиббиёт муассасаларида 70 дан ортиқ қоғоз журнал ва бланкалар бекор қилингани орқали шифокорлар иш юкламаси 30 фоизга енгиллашган.
Лаборатория таҳлиллари 3–5 дақиқада электрон шаклда шаклланади ва натижалар олиш вақти 24 соатга қисқарган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида ташкил этилган Рақамли соғлиқни сақлаш маркази тиббий муассасалардан келиб тушаётган маълумотларни марказлаштирилган ҳолда йиғиш, таҳлил қилиш ва аналитик хизматлар кўрсатиш билан шуғулланади.
Шу билан бирга, тизим орқали 560 мингдан зиёд тиббиёт ходимининг фаолияти электрон ҳисобда юритилади ва илгари қоғоз шаклида берилган 28 турдаги маълумотнома электрон тарзда тақдим этилади.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилдан бошлаб давлат тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган шифокор ва тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланган эди. Бу чора-тадбирлар доирасида энг яхши шифокорлар ва муассасаларга бир марталик 500 миллион сўмгача мукофот пул маблағи ажратилиши, шунингдек ходимларни хорижда таълим олиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш имкониятлари билан таъминланиши кўзда тутилган.

Изоҳлар мавжуд емас