Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Саудия Арабистонининг муқаддас Макка шаҳри томон йўналтирилган учувчисиз учиш аппаратидан фойдаланилган ҳужумга уринишни қатъиян қоралади. Вазирлик Саудия Подшоҳлиги билан тўлиқ бирдамлигини билдирди.
Вазирлик муқаддас қадамжолар, тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига хавф солувчи ҳар қандай ҳаракатларни мутлақо номақбул деб ҳисоблашини таъкидлади .
Маълумот учун, 16 сентябрь куни Саудия Арабистони ҳаво мудофаа кучлари Макка шаҳрининг жанубий ҳудудида, шаҳар ҳаво ҳудудига киришидан аввал дронни уриб туширган эди .
Саудия томонининг маълум қилишича, учувчисиз учиш аппарати Ямандаги ҳусийлар ҳаракати томонидан учирилган. Бироқ ҳусийлар Макка томон ҳужум уюштирганликларини рад этган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги барча томонларни максимал даражада вазминлик намоён этишга, халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий риоя қилишга ҳамда давлатларнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга чақирди.
Шунингдек, вазирлик кескинликни камайтириш, можаронинг янада тарқалишига йўл қўймаслик ҳамда минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Изоҳлар мавжуд емас