Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзгидромет 22–24 январь кунлари мамлакат ҳудудига нам ва совуқ ҳаво массалари кириб келиши сабабли кескин совуқ ва кучли шамол ҳақида огоҳлантириш эълон қилди.
Аввалроқ 22-23 январь кунлари пойтахтда вақти-вақти билан ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчилик бўлиши, пайшанба куни ҳарорат кечаси ва кундузи 0-2 даража илиқ атрофида, жума куни кечаси 3-6 даража совуқ, кундузи 0 даража атрофида бўлиши кутилаётгани маълум қилинганди.
Прогнозларга кўра, 22 январдан бошлаб республиканинг аксарият ҳудудларида асосан қор кўринишидаги ёғингарчилик кузатилади. Совуқ ҳаво оқими натижасида йўлларда яхмалак юзага келиши, кўриш масофаси пасайиши ва транспорт ҳаракатида қийинчиликлар туғилиши мумкин.
Республика бўйича кечалари -3...-8 даража совуқ, шимолий ҳудудларда (Қорақалпоғистон ва Хоразм) эса ҳарорат -12...-15 даражагача пасаяди. Кундуз кунлари ҳарорат -3 ва +2 даража атрофида бўлиши кутилмоқда.
Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда 22–23 январь кунлари қор ёғиши кучайиши, баъзи жойларда жала ва кучли қор бўлиши прогноз қилинган.
Шамол тезлиги сониясига 15–20 метрдан 22–25 метргача кучайиши мумкин. Бу эса очиқ жойларда изғирин ва қор бўронларини келтириб чиқариш хавфини туғдиради.
Мутахассислар фуқаролардан эҳтиёт чораларини кўришни, йўлларда ҳаракатланганда ҳушёр бўлишни ва иссиқлик тизимларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилишни сўрамоқда.

Изоҳлар мавжуд емас