Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Мухбиримиз хабар беришича, Ўзбекистонда ҳайвонларни қийноққа солганларни олти ойга қамоқхонага жўнатиш мумкин бўлган модда кучга кирган.
26 ноябрь куни Жиноят кодексининг 202-1-моддаси (ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) кучга кирди. Агар маъмурий жазодан кейин қоидабузар ўзи учун ҳеч қандай хулоса чиқармаса ва яна ноқонуний ҳаракат қилса, мазкур модда қўлланилади.
Шу кундан бошлаб, ҳайвоннинг жароҳати ёки ўлимига сабаб бўлган шафқатсиз муносабат БҲМнинг 25 бараваридан 50 бараваригача (6,7 миллион сўмдан 13,5 миллион сўмгача) жарима, жамоа ишлари (240 соатгача) ёки ахлоқ тузатиш ишлари (бир йилгача), шунингдек, олти ойга озодликни чеклаш ёки қамоқ билан жазоланади.
Шуни таъкидлаш керакки, интернетда Ўзбекистонда ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлиш билан боғлиқ даҳшатли лавҳалар тобора ортиб бормоқда. Катталар итларни машиналарининг ғилдираклари билан босишмоқда, болалар эса кичик мушукчаларни томдан ташлаб "саёҳат" қилдиришмоқда.
Яқинда ҳайвонларга нисбатан яна бир шафқатсизлик ўзбекистонликларни ларзага солди: Тошкентда 20 яшар йигит мушукларни қасддан ва қайта-қайта қийнаб ўлдирган. Суд бу фуқарони фақат уч кунга ҳибсга олган холос. Ҳайвонлар ҳуқуқлари фаолларининг фикрича, бу тирик мавжудотни ўлдириш учун жуда юмшоқ жазо.
Изоҳлар мавжуд емас