Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. БМТ Бош Ассамблеяси XVI асрдан бери қўлланилиб келинаётган анъанавий дунё харитасини қитъаларнинг ҳақиқий ҳажмини аниқ кўрсатувчи янги проекцияга алмаштириш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди. Ушбу ташаббусни 164 та мамлакат қўллаб-қувватлади, АҚШ эса қарши овоз берган ягона давлат бўлди.
Овоз бериш натижалари мажбурий юридик кучга эга бўлмаса-да, бутун дунё бўйлаб халқаро ташкилотлар ва таълим муассасалари фойдаланадиган хариталарга ўзгартириш киритишга туртки бўлади.
XVI асрда яратилган ва Ернинг шарсимон шаклини текисликда тасвирлашдаги хатоликлар сабабли шаклланган Меркатор харитасида Африка каби экваторга яқин ҳудудлар аслидагидан 14 баравар кичик кўрсатилган. Бундай ноаниқлик қитъанинг улкан ресурслари, аҳоли сони ва иқтисодий салоҳиятини камситиб келаётгани мутахассислар томонидан узоқ вақтдан бери танқид қилиб келинаётган эди.
Эндиликда халқаро амалиётга картографлар томонидан 2018 йилда яратилган ва 2026 йилнинг февраль ойида Африка Иттифоқига аъзо 54 та давлат томонидан маъқулланган "Тенг майдонли Ер проекцияси" (Equal Earth projection) стандарти жорий этилади. Ушбу янги харита барча қитъаларнинг ҳақиқий ўлчамларини максимал даражада аниқ ва адолатли акс эттиради.
Муҳокамалар чоғида АҚШнинг БМШдаги вакили Ярина Ференцевич резолюцияни танқид қилиб, ташкилот халқаро тинчлик ва фаровонлик каби долзарб муаммолар ўрнига XVI асрга оид картографик лойиҳаларни муҳокама қилиш билан машғул бўлаётганини билдирган. Того ва Франция ташқи ишлар вазирлари эса дунёнинг адолатли тасвири айнан ҳақиқатни қарор топтириш ва географик қарашларни тўғри шакллантиришдан бошланишини таъкидлаганлар.

Изоҳлар мавжуд емас