Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси бошқармаси бошлиғи Нодиржон Юнусов 1 ноябрдан бошлаб дарахтларни кесишга нисбатан жорий этилган мораторий қай тарзда ишлаши ҳақида гапириб берди.
“Мораторий дарахтларни кесишга хулоса беришга тегишлидир. Кесиш бўйича илгари берилган рухсатномалар тўланганлиги учун улар амалда қолади. Аммо, бу рухсатнома берилганлиги билан барча дарахтлар чопилади дегани эмас. Режа, қурилиш лойиҳаси ёки мулк эгаси ўзгариб туради. Одатда улар дарахтларни имкон даражада сақлаб қолишга ҳаракат қилишади”, - деб айтди Юнусов.
Унинг айтишича, дарахтларнинг қимматлилиги даражаси ўрмончилик ИТИ, ботаника боғи ва бошқа олимлар билан бирга кўриб чиқилади. Масалан, кўп йил “яшамайдиган” кўпгина мевали дарахтларни қимматли турларга киритишдан маъно йўқ. Чунки уларни қуриганидан сўнг кесиб ташлаш керак.
“43-қарорга асосан, ҳар-бир кесилган дарахт ўрнига участка ёки (қурилиш) эгаси 10 дона янги дарахт экиши лозим. Экиш жойи маҳаллий ҳокимият идорлари билан келишилади. Жорий йилда кесиш учун 4955 та ижобий хулосалар берилди. Шунинг учун кузда 55 мингта чинор, эман ва шумтол кўчатлари экилади. Кўпгина тадбиркорлар қўшимча экишларни қўллаб-қувватлаётганлиги боис, 100 мингта кўчат ҳақида гап кетиши мумкин. Улар учун шаҳарнинг ҳар-бир туманида тегишли ҳудуд белгиланган”, - деб таъкидлади бошқарма бошлиғи.
Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда Тошкентда мавжуд барча дарахтлар (хусусий участкалардан ташқари) инвентаризация қилинган бўлиб, аниқланган 1.9 миллион дарахт маълумотлар базасига киритилади ва аҳоли эътиборига ҳавола қилинади.
Юнусовнинг айтишича, “Ноқонуний кесиш учун жиддий моддий жавобгарлик белгиланган. Гап фақат тезкорликда. Бу борада Телеграм- бот бизга ёрдам беряпти. Яқинда у янги имкониятлар билан таъминланади”.
Изоҳлар мавжуд емас