Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда автомобилларга газ қуйиш шохобчалари томонидан суюлтирилган углеводород газини маиший газ баллонларига қуйиб бериш тақиқланиб, бунинг учун алоҳида маъмурий жавобгарлик жорий этилди. Президент томонидан 2026 йил 2 ноябрда имзоланган ёнғин хавфсизлиги тизимини такомиллаштиришга оид ЎРҚ-1186-сонли Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли қўшимчалар киритилди.
Мазкур қонунга кўра, Кодекснинг янги 101¹-моддасига мувофиқ, суюлтирилган углеводород газини истеъмолчиларга автомобилларга газ қуйиш шохобчалари (АГҚШ) томонидан маиший газ баллонларида бериш базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 5 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.
Мазкур чеклов ва жарима тартиби қонун расмий эълон қилингандан уч ой ўтиб, яъни 2027 йил 5 февралдан эътиборан тўлиқ кучга киради.
Айтиб ўтиш лозимки, ушбу чекловлар аҳоли ва хавфсизлик талабларига риоя қилиш мақсадида жорий этилмоқда.
Автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида маиший баллонларга юқори босим остида газ тўлдириш оқибатида портлаш ва ёнғин чиқиш хавфи кескин ортади.
Шу сабабли маиший газ баллонларини фақат белгиланган тартибда махсус газ таъминоти корхоналари ва зарур синовдан ўтган марказлар орқали хавфсиз тўлдириш лозим бўлади.
Бундан ташқари, ушбу қонун билан ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги бошқа бир қатор тартиблар ҳам кучайтирилган.
Хусусан, бозорлар, савдо комплекслари ва савдо-кўнгилочар марказлари мулкдорлари учун ўз объектларини ҳамда учинчи шахслар олдидаги фуқаролик жавобгарлигини ёнғиндан мажбурий суғурта қилиш мажбурияти белгиланиб, бу талабни бажармаганлик учун мансабдор шахсларга БҲМнинг 50 бараваридан 75 бараваригача жарима назарда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳукумат қарорига мувофиқ, 2026 йил 15 ноябрдан эътиборан аҳоли маиший эҳтиёжлари учун етказиб бериладиган суюлтирилган газнинг (пропан) чакана сотиш нархи бир килограмм учун қўшилган қиймат солиғи билан 5 000 сўм этиб белгиланганди.

Изоҳлар мавжуд емас