Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда ички авиақатновлар учун чипталар нархи 2026 йил 16 октябрдан бошлаб ўртача 20 фоизгача пасайтирилди. Рақобат қўмитаси ва Uzbekistan Airways авиакомпанияси тарифларни қайта кўриб чиқиб, ташиш харажатларини мақбуллаштириш ҳисобига нархларни арзонлаштиришга келишган.
Рақобат қўмитаси Президент топшириқлари ижроси доирасида авиация бозорини ўрганиб, ички йўналишлардаги тарифлар, нархларнинг шаклланиши ва йўловчилар учун хизматлардан фойдаланиш имкониятларини таҳлил қилган.
Ўрганишлар давомида авиақатновлар билан боғлиқ харажатларни оптималлаштириш имкониятлари кўриб чиқилган. Қўмита харажатларни мақбуллаштириш орқали ички йўналишларда авиачипталар нархини пасайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиққан. Ушбу таклифлар юқори турувчи идоралар томонидан қўллаб-қувватланган.
Қўмита маълум қилишича, тарифларнинг пасайтирилиши аҳоли учун авиақатновларни ҳамёнбоп қилиш, ички туризмни ривожлантириш ва ҳудудлар ўртасида ҳаракатланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган. Бу ўзгаришлар хизмат сафарлари ва шахсий ташрифларни режалаштиришда ҳам қўшимча қулайлик яратиши кутилмоқда.
Рақобат қўмитаси аҳоли манфаатларига дахлдор бозорларни ўрганиш ва аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича амалий чоралар кўриш давом эттирилишини билдирган.

Изоҳлар мавжуд емас