Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жаҳон олтин кенгаши (WGC) маълумотларига кўра, Марказий банк 2026 йилнинг август ойида 8 тонна олтин сотиб олди. Натижада январь–август ойларида регуляторнинг умумий олтин харидлари 50 тоннага етди.
Ҳозирда мазкур қимматбаҳо металл мамлакат халқаро валюта заҳираларининг 90 фоизини, яъни тахминан 439 тоннани ташкил этмоқда.
Ҳисобот даврида дунё бўйича энг кўп олтин харид қилган мамлакат Хитой бўлди — 20 тонна. Йил бошидан бери Хитой заҳиралари 80 тоннага ортиб, умумий расмий олтин заҳираси 2 387 тоннага етган.
Шунга кўра, август ойида Полша (8 тонна) ва Ўзбекистон (8 тонна) энг йирик харидорлар кучли учлигидан жой олган.
Қозоғистон Миллий банки эса ёзнинг сўнгги ойида 7 тонна олтин сотиб олиб, умумий заҳираларини 377 тоннага етказган.
Сўнгги вақтларда Ўзбекистон томонидан олтин экспортининг қисқартирилиши фонида мамлакат заҳира ҳажми мунтазам ошиб бормоқда.
Хусусан, 2026 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, мамлакат заҳирасида 14,3 миллион унция (444,8 тонна) олтин сақланмоқда. Таққослаш учун, ушбу кўрсаткич йил бошида 12,6 миллион унцияни (391,9 тонна) ташкил этган эди.
Ўзбекистонда олтин асосан Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари томонидан қазиб олинади. Мамлакат Марказий банки ушбу ишлаб чиқарувчилардан қимматбаҳо металлни сотиб олувчи ягона харидор ҳисобланиб, жамғарилган олтин заҳираларини зарур пайтда ташқи бозорларда сотиш ҳуқуқига эга.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари бир ойда 5,5 миллиард долларга камайгани ҳақида хабар берган эдик.

Изоҳлар мавжуд емас