Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда 2026 йил ҳосили учун 12 октябрь ҳолатига кўра, 3,4 миллион тонна пахта хомашёси териб олинди. Бу мавсум учун белгиланган 4,5 миллион тоннали шартномавий кўрсаткичнинг 76 фоизини ташкил этади.
Маълумотларга кўра, йиғиб олинган пахтанинг 848 минг тоннаси қўлда, 2,6 миллион тоннаси эса пахта териш машиналари ёрдамида терилган. Шу тариқа, умумий ҳосилнинг тахминан 75 фоизи механизациялашган усулда йиғиштириб олинган.
Қўлда терилган пахтанинг 174 минг тоннаси далалар четларини терим машиналари ҳаракати учун тайёрлаш жараёнида йиғилган. Қолган 674 минг тонна ҳосил эса техника кира олмайдиган кичик майдонлардан териб олинган.
Терим мавсумида қарийб 3 мингта пахта териш машинаси жалб қилинган. Жорий йилда фермер хўжаликлари ва агрокластерларга лизинг асосида 1 мингдан ортиқ замонавий терим машинаси етказиб берилган.
12 октябрь куни машиналар ёрдамида 147 минг тонна пахта териб олинган. Расмий маълумотда бир кунда битта машина ҳисобига ўртача 50 тоннадан ҳосил тўғри келгани қайд этилган.
Белгиланган 4,5 миллион тонна кўрсаткичга эришиш учун яна 1,1 миллион тонна пахта йиғиб олиниши керак. Бу мавсумда терим ишларини ўз вақтида якунлаш ва ҳосил нобудгарчилигининг олдини олиш муҳим вазифа бўлиб қолмоқда.
Аввалроқ Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўтказилган мониторинг тадбирлари давомида термчиларга ўз вақтида тўланмаган 8 миллиард 833 миллион сўм миқдоридаги терм пуллари ундириб берилганди.

Изоҳлар мавжуд емас