Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Rayxon oilaviy milliy taomlari оилавий корхонаси таъсисчиси Одилхон Исмоилов апелляция суди қарори билан қамоқдан озод қилинди. Унга аввал тайинланган саккиз йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўзгаришсиз қолдирилди, бироқ жазо уч йиллик синов муддати билан шартли деб ҳисобланди.
Жиноят ишлари бўйича Поп туман судининг 2026 йил 13 июлдаги ҳукми билан Одилхон Исмоилов ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишда айбдор деб топилиб, саккиз йилга озодликдан маҳрум этилганди. У билан бирга иш бўйича яна олти нафар шахсга ҳам турли муддатларда қамоқ жазоси тайинланган эди.
Жиноят иши Наманган вилояти судининг апелляция инстанциясида қайта кўриб чиқилган. Суд зарарнинг бир қисми депозит ҳисоб рақамига нақд пул шаклида киритилгани, Исмоиловга тегишли айрим мол-мулк банк балансига ўтказилиши белгилангани ва хатланган мулкларни сотиш орқали зарарни қоплаш чоралари кўрилганини инобатга олган.
Шунингдек, моддий зарарни қоплаш учун фақат Исмоиловнинг ўзи ва яқин қариндошларига тегишли мол-мулк йўналтирилгани ҳам ҳисобга олинган. Натижада унга Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми "а" банди бўйича тайинланган жазо ўзгаришсиз қолдирилган, аммо Жиноят кодексининг 72-моддасига асосан уч йиллик синов муддати белгиланиб, жазо шартли деб ҳисобланган. Исмоилов суд залида қамоқдан озод қилинган.

Изоҳлар мавжуд емас