Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент томонидан 21 сентябрь куни имзоланган қарорга мувофиқ, Ўзбекистондаги барча давлат идоралари, давлат улушига эга корхоналар ҳамда нодавлат ташкилотларда босқичма-босқич "Меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш дастури" жорий этилади.
Янги тартибга кўра, 2026 йил 1 декабрга қадар Бошқарув самарадорлиги агентлигининг ахборот тизимида "Хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳити" махсус махфий портали ишга туширилади. Ходимлар иш жойида учраган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича онлайн тарзда мурожаат юборишлари мумкин бўлади. Агар ҳуқуқбузарлик ташкилот раҳбарлари ёки масъул ходимлар томонидан содир этилган бўлса, ариза автоматик равишда юқори турувчи идорага йўналтирилади.
Портал орқали аризаларни текшириш, далилларни тўплаш ва хулосалар тайёрлаш тизимлаштирилади ҳамда барча маълумотлар ўчирилмайдиган тартибда сақланади. Мурожаатларда маъмурий ёки жиноий ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқланса, материаллар "112" ягона диспетчерлик хизмати орқали ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади. Шунга кўра, Бошқарув самарадорлиги агентлигига мониторинг натижасида аниқланган қоидабузарликлар бўйича идораларга бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш ваколати берилди.
Олдинроқ Ўзбекистонда педагог ва тарбиячилар томонидан болаларга нисбатан жисмоний ва психологик зўравонлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилганди. Болаларни камситиш, ҳақорат қилиш ва куч ишлатганлик учун энди жарима солинади, жавобгарликка тортилган педагоглар эса болалар билан ишлашдан бир йилга четлаштирилади.

Изоҳлар мавжуд емас