Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга янги турдаги коронавируснинг олиб кирилиши ва тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирлар Дастурини тайёрлаш бўйича махсус республика комиссиясини тузиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Мажбурий касалхона ётқизиш
Ҳужжатга асосан, клиник ва эпидемиологик кўрсаткичларга кўра коронавирус инфекциясининг аломатлари борлигига шубҳа қилинган гриппнинг оғир шакллари ва бошқа ўткир респиратор касалликларга чалинган беморларни ушбу турдаги вирусга мажбурий ташхис қилиш белгиланган.
Шунингдек, мамлакатимиз таълим муассасаларида коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган.
Чегарада курашиш
Молия вазирлиги Давлат чегарасини кесиб ўтиш жойларидаги санитария-карантин пунктларини стационар ва кўчма тепловизорлар билан жиҳозлаш, шунингдек янги турдаги коронавирусни ташҳис қилиш ва бошқа махсус ҳимоя воситаларини сотиб олиш учун Давлат бюджетидан зарур молиявий маблағларни ажратади.
Дори-дармон заҳираси
Соғлиқни сақлаш вазирлиги вилоятлар ва пойтахтда коронавирус ташхиси учун зарур воситалар захирасини яратилишини таъминлаши, ўткир респираторли инфекцияларнинг оғир шаклларига чалинган беморларни даволаш учун ихтисослашган касалхоналарнинг реанимация ва интенсив терапия бўлимларини зарур дори-дармон ва дезинфекциялаш воситалари, асбоб-ускуналар, материаллар ва шахсий ҳимоя воситалари билан жиҳозлаши керак.
Шахсий ишланмалар
Президент тегишли соҳа идораларига 2020 йил 1 мартга қадар вирусга қарши маҳаллий ишлаб чиқарилган таъсирчан дори-дармон, коронавирус ва бошқа юқумли касалликларга қарши шахсий ҳимоя воситалари ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш ва ривожлантириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритишни топширди.
Янги комиссиянинг бошқа вазифалари:
- глобал, минтақавий ва мамлакатдаги эпидемиологик вазиятни доимий таҳлил ва мониторинг қилиш, мамлакатда коронавирус эпидемиясининг тарқалиш тенденцияси ва ёмонлашиш эҳтимолини олдиндан тахмин қилиш;
- коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва тўғрилаб бориш мақсадида ХХРнинг тегишли давлат органлари ва бошқа манфаатдор мамлакатлар, шунингдек халқаро ташкилотлар билан зарурий ўзаро алоқалар ва маълумот алмашишни ташкил этиш;
-коронавирус муаммолари бўйича тадқиқотларни мувофиқлаштириш, ушбу касалликнинг олдини олиш, ташхислаш ва даволашнинг замонавий ва самарали усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
-ихтисослаштирилган соғлиқни сақлаш муассасалари ва аҳолини зарурий миқдорда ва ўз вақтида диагностика воситалари, вирусга қарши дори-дармонлар ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш;
-илғор халқаро тажрибани ўрганиш асосида мамлакатда коронавирусни ўз вақтида ташхислаш ва ҳар томонлама олдини олиш бўйича самарали чораларни ташкил этиш, шунингдек эпидемиологик жиҳатдан номақбул ва коронавирус инфекцияси хавфи юқори бўлган мамлакатларда вақтинча истиқомат қилувчи Ўзбекистон фуқароларига зарур ёрдам кўрсатиш;
-коронавирус бўйича эпидемиологик вазият мураккаблашган тақдирда, коронавируснинг Ўзбекистонга олиб кирилиши ва тарқалишининг олдини олишга қаратилган тезкор чоралар бўйича таклифлар тайёрлаш ва Президентга тақдим этиш.
Изоҳлар мавжуд емас