Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Адлия вазирлиги нобуд бўлган ҳайвонларнинг жасадини кремация қилиш (юқори ҳароратда ёндириш) тартиби тўғрисидаги низомни давлат рўйхатидан ўтказди. Янги ҳужжат билан нобуд бўлган ҳайвонлар жасадларини кўздан кечириш, ташиш, вақтинча сақлаш ва кремация қилишнинг аниқ хавфсизлик қоидалари ва мажбуриятлари мустаҳкамланди.
11 июнь куни 3855-рақам билан рўйхатга олинган низомга кўра, ҳайвон нобуд бўлганлиги аниқланганда унинг эгаси ёки буни кўрган шахс шу куннинг ўзида масъул органларга хабар бериши шарт.
Жасадларни очиқ ҳолда ташиш ва сақлаш қатъиян тақиқланади; улар фақат махсус транспорт ёки ёпиқ контейнерларда крематорийга етказилади. Кремация жараёни бошлангунга қадар жасад махсус жойда 24 соатдан кўп бўлмаган муддатда сақланиши мумкин.
Ҳужжатда алоҳида қайд этилишича, ҳайвонда юқумли касаллик аниқланганда ёки унинг ўлим сабаби номаълум бўлган ҳолатларда кремация қилиш мажбурий ҳисобланади. Жараён якунлангач, қолган кул ва қолдиқлар йўқ қилиниб, бу ҳақда расмий далолатнома тузилади.
Санитария хавфсизлигини таъминлаш мақсадида крематорий ходимлари шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланади, шунингдек, жараёндан сўнг барча ускуналар ва фойдаланилган жойлар мажбурий дезинфекция қилинади.

Изоҳлар мавжуд емас