Загрузка
Загрузка
Тошкентда жамоат транспортидан фойдаланиш камайди, вилоятларда эса кескин ўсди
Жамият

Тошкентда жамоат транспортидан фойдаланиш камайди, вилоятларда эса кескин ўсди

14
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2026 йилнинг май ойи якунларига кўра, Тошкент шаҳрида автобус ва метро йўловчилари сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли даражада камайди. ATTO тизими маълумотларига кўра, пойтахтда икки асосий транспорт турида ҳам транзакциялар сони қисқарган бўлса, республиканинг бошқа ҳудудларида аксинча, жамоат транспортига бўлган талаб ортган. 

Май ойи давомида Тошкент автобусларида 33,3 миллион транзакция қайд этилиб, бу ўтган йилнинг май ойидаги 36,5 миллионга нисбатан 9 фоизга камдир.  Пойтахт метрополитенида ҳам пасайиш кузатилиб, йўловчилар оқими 3 фоизга (17,4 миллиондан 16,8 миллионга) қисқарган. Метродан фойдаланиш нафақат йиллик ҳисобда, балки апрель ойига (18,9 миллион) нисбатан ҳам камайган. 

Тошкент, Чирчиқ ва Зарафшон шаҳарларидан ташқари, республиканинг барча ҳудудларида ижобий динамика кузатилган. Энг юқори ўсиш Самарқанд шаҳрида қайд этилиб, транзакциялар сони 2,2 миллиондан 4,3 миллионга етган. Шунингдек, Фарғона, Наманган, Қарши, Урганч ва Бухоро шаҳарларида ҳам жамоат транспортидан фойдаланиш кескин ошган.

 Транспорт тизимида рақамли тўловлар шакли ҳам ўзгармоқда. Аҳоли орасида банк карталари орқали тўлов қилиш бир йилда 42 фоизга ошиб, 46,7 миллионтани ташкил этди, махсус транспорт карталаридан фойдаланиш эса 30 фоизга камайган. Метрода қоғоз шаклидаги QR-чипталар хариди 75 фоизга қисқарган бўлса, мобил иловалар орқали QR-кодли тўловлар ҳажми метро ва автобусларда тегишлича 22 ва 10 фоизга кўпайган. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда жамоат транспорти тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва аҳоли ҳаракатчанлигини ошириш мақсадида шаҳар атрофидаги 12 километргача бўлган ҳудудлар ягона транспорт тизимига бирлаштирилади. Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида ўтган тақдимотда маълум қилинишича, бу янгилик пойтахт ва вилоят марказларига киришдаги тирбандликларни камида 20 фоизга қисқартириш имконини беради.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...