Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жаҳон футболида ЖЧ-2026 баҳслари давом этаётган бир пайтда Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА) раҳбари Александер Чефериннинг турнир форматига оид билдирган танқидий фикрлари халқаро миқёсда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Унинг баъзи ўйинларни "қизиқарсиз" деб атаган баёнотига жавоб сифатида Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва бир қатор давлатлар футбол федерациялари қўшма мурожаат билан чиққан.
Ушбу баёнотга Ўзбекистон билан бирга Кабо-Верде, Кюрасао, Конго, Гаити, Жазоир, Тунис, Марокаш, Миср, Гана, Сенегал, ЖАР ва Кот-д’Ивуар каби давлатлар имзо чеккан.
Мурожаатда қайд этилишича, Жаҳон чемпионатида "аҳамиятсиз ўйин" тушунчаси бўлиши мумкин эмас. Ҳар бир иштирокчи жамоа учун мундиал — бу катта тарихий имконият ва миллионлаб мухлислар орзусининг амалга ошишидир.
"Бизнинг мамлакатларимиз учун Жаҳон чемпионати финал босқичида иштирок этиш — бу авлодлар орзусининг рўёби. Майдондаги ҳар бир ўйин катта аҳамиятга эга", — дейилади баёнотда.
Шунингдек, мурожаатда ҳар бир жамоа Жаҳон чемпионатига осонлик билан эмас, балки саралаш босқичларидаги жиддий курашлар орқали етиб келгани таъкидланган.
Имзолаган давлатлар футболнинг асосий қудрати унинг барча қитъаларни бирлаштира олишида эканини алоҳида қайд этган.
ЖЧ-2026 баҳслари ҳозирда АҚШ, Мексика ва Канада майдонларида давом этмоқда. Хусусан, энг қизиқарли воқеалардан бири, жорий йилнинг 18 июнь куни Мехикодаги афсонавий "Ацтека" стадионида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон ва Колумбия терма жамоалари ўртасидаги учрашув 2026 йилги жаҳон чемпионати баҳслари ичида чипта сотилиши бўйича айни пайтгача энг юқори натижани қайд этиб турибди.

Изоҳлар мавжуд емас