Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президентнинг "Руҳий ҳолати бузилган ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони қабул қилинди. Унга кўра, 2026 йил 1 июндан бошлаб жисмоний ва ақлий ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун "Эрта аралашув" хизмати ишга туширилади.
Мазкур тизимнинг асосий мақсади — болалардаги ривожланиш нуқсонларини эрта босқичда аниқлаш ва уларга ўз вақтида комплекс ижтимоий ёрдам кўрсатишдан иборат.
Янги тартибга кўра, "Эрта аралашув" хизмати ўз ичига учта муҳим йўналишни олади. Биринчидан, ногиронлик белгиланган ёки жисмоний ва ақлий ривожланишида нуқсонлари бўлган 3 ёшгача бўлган болалар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг махсус электрон реестрига киритилган нодавлат ташкилотлар орқали сифатли ижтимоий хизматлар билан тўлиқ қамраб олинади.
Иккинчидан, мазкур болаларга махсус педагоглар томонидан коррекцион-педагогик ёрдам кўрсатилиши билан бирга, даволовчи жисмоний тарбия йўриқчилари иштирокида реабилитацион машғулотлар ташкил этилади. Учинчидан, анатомик нуқсонлар билан дунёга келган болаларнинг қўшимча тиббий текширувлари ва жарроҳлик амалиётлари учун талаб этиладиган барча харажатлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилади.
Ушбу Фармон ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда ижтимоий ҳимояни ҳар бир бола учун манзилли етказишда муҳим қадам ҳисобланади.
Маълумот учун, ўтган йили март ойида Ўзбекистоннинг еттита ҳудудида 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган ногиронлиги бўлган болаларни кундузги парваришлаш хизмати синов тариқасида ишга туширилганди.

Изоҳлар мавжуд емас