Загрузка
Загрузка
Ўзбекистонда шакари юқори ичимликлар қадоғига мажбурий огоҳлантирувчи ёзув қўйилиши мумкин
Жамият

Ўзбекистонда шакари юқори ичимликлар қадоғига мажбурий огоҳлантирувчи ёзув қўйилиши мумкин

19
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  Ўзбекистонда 2027 йилдан таркибида шакар миқдори юқори бўлган алкоголсиз ичимликлар қадоғига махсус огоҳлантирувчи ёзувлар қўйиш таклиф этилмоқда. Тегишли қарор лойиҳасига кўра, ёзувлар ичимликдаги шакар миқдорига қараб турли рангда бўлади.

Лойиҳага кўра, 2027 йил 1 январдан мамлакатда ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган алкоголсиз ичимликлар қадоғининг олд қисмида шакар миқдорини кўрсатувчи огоҳлантирувлар бўлиши керак.

Жумладан, 100 миллилитр маҳсулотда 5–8 грамм шакар бўлса, сариқ фонда "ЎРТАЧА ШАКАР МИҚДОРИ", 8–11 грамм бўлса, тўқ сариқ фонда "ШАКАР МИҚДОРИ ЮҚОРИ" деган ёзув қўйилади.

Шакар миқдори 11 грамм ва ундан кўп бўлган ичимликлар учун эса қизил фонда "ЖУДА ЮҚОРИ ШАКАР МИҚДОРИ — ТЕЗ-ТЕЗ ИСТЕЪМОЛ ҚИЛИШ САЛОМАТЛИККА ЗАРАР" деган огоҳлантириш жойлаштирилиши таклиф қилинган.

Огоҳлантирувчи ёзув қадоқнинг олд қисми умумий юзасининг камида 15 фоизини эгаллаши ва истеъмолчига биринчи қарашда кўринадиган тарзда жойлаштирилиши керак. Шунингдек, қадоқда маҳсулот таркиби, калорияси ва кунлик истеъмол меъёри ҳақидаги маълумотлар акс этган QR-код бўлиши режалаштирилмоқда.

Лойиҳада алкоголсиз ичимликлардаги шакар миқдорини назорат қилишнинг ягона тизимини жорий этиш ҳам назарда тутилган. Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси 2027 йил 1 мартга қадар ичимликларни лабораторияда текширишнинг ягона методикасини тасдиқлаши, 1 сентябрга қадар эса аккредитациядан ўтган лабораторияларда шакар миқдорини аниқлаш тизимини йўлга қўйиши белгиланган.

Шунингдек, ҳар чоракда меъёрдан юқори шакар сақловчи алкоголсиз ичимликлар реестрини шакллантириш ва уни расмий веб-сайтларда эълон қилиб бориш таклиф этилмоқда.

2027 йил 1 декабрга қадар шакари юқори ичимликларни мониторинг қилиш учун ягона рақамли платформа яратиш ва уни "АслБелгиси" миллий рақамли маркировка тизимига интеграция қилиш режалаштирилган.

2028 йил 1 январга қадар импорт қилинадиган алкоголсиз ичимликлардаги шакар миқдорини электрон декларациялаш тизимини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Талабларга мос тамғаланмаган маҳсулотларни мамлакатга олиб киришга йўл қўйилмаслиги кўзда тутилган.

Бундан ташқари, 2027 йил 1 январдан таълим муассасалари ҳудудида белгиланган талабларга жавоб бермайдиган алкоголсиз ичимликлар савдосини босқичма-босқич чеклаш режалаштирилмоқда.

Қарор лойиҳаси ҳозирча таклиф ҳисобланади. Унда назорат харидларини ўтказиш, аниқланган қонунбузарликлар ҳақида маълумотларни ОАВда эълон қилиш ҳамда аҳолига, айниқса болалар саломатлиги нуқтайи назаридан, ортиқча шакар истеъмоли оқибатлари ҳақида тушунтириш ишларини олиб бориш чоралари ҳам назарда тутилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда ичимликлар учун пластик, шиша ва алюминий идишларни қабул қиладиган фандоматлар ўрнатила бошланганди. Топширилган ҳар бир бутилка ёки банка учун 150 сўм олиш ёки ушбу маблағни хайрия ишларига сарфлаш мумкин.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...