Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Марказий банк ўтказган сўровнома натижаларига кўра, Ўзбекистонда аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари бироз пасайган бўлса-да, асосий хавотирлар сақланиб қолмоқда.
2026 йил март ойида аҳолининг йиллик инфляцион кутилмалари 11,0 фоизни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 0,2 фоиз пунктга камайган. Тадбиркорлар ўртасида ҳам ушбу кўрсаткич 0,1 пунктга тушиб, 10,7 фоиз даражасида шаклланган.
Шу билан бирга, инфляцион кутилмалар пасайиш суръати сўнгги ойларда секинлашгани қайд этилмоқда. Бу эса иқтисодиётда нархлар босими ҳали тўлиқ бартараф этилмаганини кўрсатади.
Сўровнома натижаларига кўра, аҳоли орасида энг катта хавотир коммунал хизматлар ҳамда ёқилғи-энергия ресурслари нархининг ошиши билан боғлиқ. Бу омилни қайд этганлар улуши ҳатто бироз ошган.
Тадбиркорлар учун ҳам ушбу омиллар асосий ҳисобланади. Бундан ташқари, транспорт харажатларининг қимматлашиши ҳам улар учун муҳим таъсир қилувчи омил сифатида қайд этилган.
Айни пайтда валюта курси ўзгариши бўйича хавотир билдирганлар улуши камайгани кузатилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коммунал хизматлар учун қарздорлик йўқлиги тўғрисидаги маълумотномани олиш соддалаштирилганди - энди уни ЯИДХП орқали бир неча қадамда бепул ва онлайн расмийлаштириш мумкин.

Изоҳлар мавжуд емас