Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Байрам муносабати билан Ўзбекистон бўйлаб ички туризмни рағбатлантириш ва йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида махсус чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Байрам кунларида темир йўл, автобус ва авиация йўналишларида қўшимча қатновлар йўлга қўйилади.
Расмий эълон қилинган хабарларга кўра , темир йўл транспортида "Тошкент–Хива–Тошкент", "Тошкент–Қўнғирот–Тошкент", "Тошкент–Шовот–Тошкент", "Тошкент–Термиз–Тошкент" ва "Тошкент–Сариосиё–Тошкент" йўналишларидаги поездларга 4 тагача қўшимча вагон уланади. Шу билан бирга, "Тошкент–Самарқанд–Тошкент", "Тошкент–Бухоро–Тошкент" ҳамда "Тошкент–Урганч–Тошкент" йўналишларида юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларнинг қўшимча сафарлари йўлга қўйилади. Ушбу рейслар байрамдан икки кун олдин бошланиб, байрамдан кейинги икки кун давомида ҳам мунтазам давом этади.
Автомобиль транспортида эса вилоятлараро барча йўналишлар бўйича қўшимча автобуслар ҳаракати йўлга қўйилади.
Тошкент–Жанубий темир йўл вокзали ҳудудида вилоятлараро автобуслар учун захира тўхташ жойи ажратилиб, байрамдан камида 3 кун аввал "Тошкент–Самарқанд–Бухоро–Урганч–Нукус" йўналишидаги транспорт воситалари шу ерга жойлаштирилади.
Ҳаво транспорти соҳасида ҳам имкониятлар кенгайтирилади. Байрамдан камида икки кун олдин "Тошкент–Урганч", "Тошкент–Нукус", "Тошкент–Бухоро" ва "Тошкент–Термиз" йўналишларида қўшимча авиарейслар амалга оширилади. Кўрилаётган бу каби чоралар байрам кунлари юртдошларимизнинг тарихий ва маданий масканларга саёҳатларини янада қулай бўлиши кўзда тутилган.

Изоҳлар мавжуд емас