Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Коронавирус билан олиб борилаётган улкан курашда маҳаллий туризм бизнеси энг заиф томонларидан бирига айланди. Ночорликда қолган маҳаллий туроператорлар юзага келган вазиятда нима қилишни билишмаяпти. Бироқ, объектив сабабларга кўра чегаралар ёпиқ ва натижада соҳа бир зумда барча мижозларини йўқотди. Бу йўқотишлар айни пайтда минглаб эмас, балким миллионлаб ҳисобланмокда. Batafsil.uz мухбири Ўзбекистон туризм индустрияси ўзини кандай хис қилаётгани ва синовлардан қандай ўта олиши, коронавирусдан сўнг бизнесни нималар кутаётганлигини аниқлашга уриниб кўрди.
Таҳлилчиларнинг фикрича, биринчи назарда иложсиз кўринаётган вазиятдан чиқиш йўллари ҳам бор. Қолаверса, Ўзбекистон туроператорларига бир қатор имтиёзлар берилди. Масалан, туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлар йил охиригача ер ва мулк солиғидан озод қилинди. Улар учун ижтимоий солиқ ставкаси амалдаги 12 фоиздан 1 фоизгача туширилди. Ушбу имтиёздан туризм соҳасида хизмат кўрсатувчи мингдан ортиқ субъектлар фойдаланишлари мумкин бўлади.
Ниқоб ва кўлкоплар доимий бўлиб қолади
Dolores Travel Services қўшма корхонаси бош директори Фарҳод Расулевнинг фикрича, бундай мураккаб даврда ўзини сақлаб қолиш учун кўплаб кичик турфирмалар бирлашишади. Аммо унинг таъкидлашича, ёзда Ўзбекистоннинг бир катор меҳмонхоналари ёпилиши ва банкротга учраши мумкин.
«Соҳа жуда инқирозли вазиятга тушиб қолди: турфирмалар, меҳмонхоналар, гидлар, транспорт компаниялари ўз офисларини ёпдилар. Уларнинг карантиндан кайта билиши даргумон. Туризмда биз қишдан ўтиб, март ойини катта умидлар билан кутган эдик, бироқ COVID-19 режаларимизни ўзгартириб йуққа чиқарди», - деди Расулев.
Масалан, унинг компанияси банкрот бўлмаслик учун барча автотранспорт воситаларини сотган ва шунинг ҳисобидан кредитлар фоизи, қолаверса ходимлар маошини тўлаб келмоқда. Қолган автомобиллар етказиб бериш хизматига кайта мослаштирилган. Директорнинг сўзларига кўра, ҳукуматнинг ёрдами туфайли компания асосий қарз бўйича ярим йиллик узайтириш муддатини олган.
Расулевнинг тахмин қилишича, Европадаги вазиятни ҳисобга олган ҳолда туристларнинг келиши сентябрдан олдин бошланмайди. Бу туфайли мамлакатнинг қабул қилувчи туроператорлари йирик зарар кўришади. Биринчи навбатда тўланмайдиган таътилда бўлган ходимлар ишдан бўшаб, туризм соҳасига тегишли бўлмаган бошқа ташкилотларга ишга ўтиши туфайли малакали кадрлар қўлдан кетади. Унинг шахсий кузатишлари шуни кўрсатмокдаки, биринчи ярим йилликда соҳа 200 миллион доллар ялпи даромаддан маҳрум бўлади.
«Дунёнинг туризм соҳаси бундан буён аввалги ҳолатга қайтмайди. Назаримда, санитария меъёрлари авиа ва туризм сохаси учун доимий бўлиб қолади, никоб ва қўлқоплар эса гид ва туристларнинг доимий ҳамроҳига айланади. Бундан ташкари, Eco-friendly махсулоти, яъни давлатимизда тозаликни сақлаш элементларини ўз ичига олган сайёҳатлар оммавий тарзда жорий қилинади», - деди компания директори.
Шу билан бирга унинг таъкидлашича, туроператорлар мавсумни бошқа номавсумий, яъни ноябрь-декабрь ёки январь-февраль ойларигача давом эттиришади. Расулевнинг фикрига кура, онлайн саёҳатлар йўналиши тобора ривожланади. Саёҳатларнинг ушбу тури амалда саёҳат қилишга ўзидаги қўрқувни енга олмаган якка тартибдаги туристлар орасида оммалашади.
Ёзги мавсум йўқотилди
Edem Travel компанияси директори Яна Нисенблат ёзги мавсумда туризм қайта тикланишига умид қилади. Бироқ, унинг фикрича ёзги мавсумда оммавий саёҳатчилар ҳақида унутса хам бўлади.
«Ўйлайманки, оммавий туризм учун ёзги мавсум йуқотилди, чунки карантиндан сўнг ҳам одамлар яна 2-3 ой саёҳат қилиш масаласига хавфсираб қарашади. Аммо, Luxury- синфидаги туризмдан умид қилса бўлади. Сабаби - доимий VIP- мижозлар карантиндан сўнг муҳитни ўзгартириш ва қайта тикланиш учун денгиз бўйига боришлари мумкин. 2021 йилнинг қишки мавсумига келиб, кириш ва чиқиш туризми аста-секин оёққа туришига умид қиламиз», - деди Яна.
Шундай бўлсада, мижозлардан август, сентябрь ёки кейинги йилга турларни ташкил этиш бўйича сўровлар келиб тушмоқда. Туроператорлар улар учун қулай вариантларни таклиф этишмоқда. Саёҳати карантин даврга тўғри келган туристлар ҳақида гап кетадиган бўлса, сайёҳатларини кейинги йилнинг охирига қадар қайта расмийлаштириш бўйича таклифлар берилмоқда. Пулларни қайтаришни сўраётганлар ҳам бор. Фақат апрель ойи охиригача чиқиши керак бўлганларга пуллари қайтариб берилмоқда. Сабаби шундаки- компания вакиллари авиарейслар тикланишига умид қилишмоқда.
«Малакали ходимларни қолдириш учун уларнинг иш хақларини сақлаб қолишга тўғри келмоқда. Аммо бундан ташқари ижара, коммунал хизматлар тўлови, турлар учун қайтаришлар, банк ўтказмалари ва бошқа харажатларни айтмаса ҳам бўлади. Шунинг учун зарар кўришимиз аниқ. Вазиятни инобатга олган ҳолда ижара берувчилар ва интернет-провайдерлари бизга енгиллик беришди», - деб тушунтирди директор.
Қайта тикланиш қийин кечади
Calypso Travel турагентлиги раҳбари Зера Зайтуллаеванинг фикрича, қайта тикланиш жуда мураккаб кечади. Чунки бунинг учун бошқа дунё билан алоқа қилиш зарур бўлиб, биргаликдаги кейинги ҳаракатлар шунга боғлиқдир. Компания вакиллари сайёрамизнинг тезда соғайиб кетишига умид қилиб, беқарор эпидемиологик вазият туфайли нафақат Ўзбекистонда, балким бутун дунёда амалга оширилаётган чораларни қўллаб - қувватлашади.
«Афсуски, карантин эълон қилиниши билан барча туристик, агентлик ва авиакассалар ўз фаолиятларини тўхтатишга мажбур бўлишди. Хизматлар ҳажмидан даромад келмаганлиги боис, зарар кўрилмоқда. Ахир аксарият компаниялар ижара хаққи, солиқ ва ходимларга иш хаққи тўлаш бўйича ўз зиммаларига мажбурият олишган. Шуниси кувонарлики, кўплаб идоралар аҳволимизни тушунган ҳолда ёрдам беришмоқда», - дея таъкидлади Зера Зайтуллаева.
Унинг сўзларига қараганда, буюртма қилинган хизматларни амалга ошириш имкони бўлмаган тақдирда қабул қилувчи компаниялар уларни жарима санкцияларисиз бекор қилишга тайёр. Авиачипталар масаласида ҳам шу ҳолат: бизнинг авиаташувчи сайёҳатлар муддатини кейинга суришни тавсия қилмоқда. Сайёҳлар норози бўлган тақдирда барча илгари олинган чипталарни жаримасиз бекор килинишига умид қиламиз. Нима бўлганда ҳам суҳбатдошимизнинг фикрича, вазият барқарор бўлмагунигача ҳеч нарсани ҳал қилиб бўлмайди.
Изоҳлар мавжуд емас