Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Жаҳон иқтисодий форумининг 2026 йилги Саёҳат ва туризмни ривожлантириш индексида 110 та мамлакат орасида 76-ўринни эгаллади. Мамлакат 7 баллик тизимда 3,69 балл тўплаб, Марказий Осиёда Қозоғистондан кейин иккинчи бўлган.
Ушбу маълумотлар Канаданинг Visual Capitalist таҳлилий платформаси Жаҳон иқтисодий форуми маълумотлари асосида 2026 йилги рейтингида эълон қилинган. Унда мамлакатларнинг туризм соҳасини ривожлантириш учун яратган шароитлари баҳоланган.
Индекс 17 та йўналишни қамраб олган 102 та кўрсаткич асосида шакллантирилган. Баҳолашда транспорт ва туризм инфратузилмаси, меҳмонхона ва ресторанлар фаолияти, хавфсизлик, виза тартиби, табиий ва маданий ресурслар ҳамда экологик барқарорлик каби омиллар ҳисобга олинган.
Рейтингда Япония 5,27 балл билан биринчи, АҚШ 5,23 балл билан иккинчи, Испания эса 5,22 балл билан учинчи ўринни эгаллаган. Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон 4,09 балл билан 56-ўриндан жой олган.
Қирғизистон эса 3,44 балл билан 93-ўринни қайд этган. Тожикистон ва Туркманистон рейтингга киритилмаган.
Шунингдек, Ўзбекистон 2024 йилги натижасига нисбатан тўрт поғона пастлаган. Мамлакатнинг индексдаги балли ҳам 1,1 фоизга камайган.
Мазкур рейтинг сайёҳлар сони ёки мамлакатнинг туристлар орасидаги машҳурлигини эмас, балки туризмни ривожлантириш учун яратилган шароитлар даражасини баҳолаган.
Олдинроқ Ўзбекистон дунёнинг энг қудратли давлатлари рейтингида 71-ўринни эгаллаганди.

Изоҳлар мавжуд емас