Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда гид-таржимонлар учун ихтиёрий равишда малака тоифасини бериш тизими жорий этилади. Ушбу тартиб 2026 йил 1 декабрдан кучга киради.
Янги тартибга кўра, гидларга малака тоифасини бериш ваколати Туризм қўмитаси ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институтига юклатилган. Ушбу тоифани олиш мутлақо ихтиёрий бўлиб, унинг йўқлиги мутахассисларнинг фаолият юритиш ҳуқуқини чекламайди. Бироқ, сўнгги икки йил давомида соҳада ишламаган гидлар қайта малака имтиҳонини топширишлари талаб этилади.
Ҳужжат билан гидлар учун тўртта малака тоифаси жорий этилмоқда: ҳаваскор гид, ихтисослашган гид, профессионал гид, олтин фонд гиди.
Тоифалар касбий имтиҳон натижаларига кўра берилади. Малака даражасини олиш учун талабгорлар тегишлича 56–70 фоиз (ҳаваскор), 70–85 фоиз (ихтисослашган) ва 86–100 фоиз (профессионал) балл тўплашлари керак бўлади. Синовлар давомида номзодларнинг хорижий тилларни билиш даражаси, экскурсия объектлари бўйича билими, мулоқот маданияти ва касб этикасига риоя этиши алоҳида баҳоланади.
Шунингдек, мазкур қарор билан "Гидларга малака тоифасини бериш тартиби тўғрисида"ги низом ҳамда ягона тасдиқланган матн асосида хизмат кўрсатиладиган асосий туризм объектлари рўйхати тасдиқланган. Сертификат муддатсиз ҳисобланиб, доимий амал қилади.
Маълумот учун, йил бошидан буён Ўзбекистонга сайёҳлар оқими сезиларли даражада ошган: январь-июль ойларида мамлакатга 7,749 миллиондан ортиқ чет эл фуқаролари ташриф буюрган. Бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 1,4 миллион кишига ёки 22,6 фоизга кўпдир.

Изоҳлар мавжуд емас