Ўзбекистонда  коронавирусдан холи бўлган давлат мақомидан фойдаланиш  режалаштирилмоқда. Хитойга боришдан воз кечган сайёҳлар оқимини жалб қилиш белгиланган
Туризм

Ўзбекистонда коронавирусдан холи бўлган давлат мақомидан фойдаланиш режалаштирилмоқда. Хитойга боришдан воз кечган сайёҳлар оқимини жалб қилиш белгиланган

2121

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Ўзбекистонга қўшимча сайёҳларни жалб қилиш орқали коронавирусдан ҳоли мамлакат мақомидан фойдаланиб қолиш режалаштирилмоқда. Бу тўғрисида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг режалаштириш ва инсон ресурсларини ривожлантириш бўлими бошлиғи Шуҳрат Исақуловнинг сўзларига ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз маълум қилмоқда.

Хусусан у Batafsil.uz мухбири саволларига жавоб бериб, шундай деди: "Коронавирус билан боғлиқ вазият туфайли айниқса Хитойдан сайёҳлар сонининг маълум даражада камайиши кутилмоқда. 2019 йил якунига кўра, Хитойдан Ўзбекистонга 64 мингга яқин сайёҳ келган бўлиб, жорий йилда 98 мингга яқин кишининг келишини кутган эдик. Бироқ, эндиликда бу кўрсаткичларнинг паст бўлиши тайин".

Шунга қарамай, суҳбатдошимиз ушбу вазиятда ҳам маълум афзалликлар борлигини таъкидлади.

"Ўтган йили Хитойга 36 миллионга яқин сайёҳ ташриф буюрган. Моҳирона маркетинг сиёсати ёрдамида биз коронавирусдан ҳоли ва бирорта ҳам касалланиш ҳолати аниқланмаган мамлакат сифатида ушбу оқимни ўзимизга қаратишимиз мумкин. Мазкур касаллик аниқланмаган сайёҳларни мамлакатимизга жалб қилиш имкониятлари мавжуд "- деди у.

Исақуловнинг сўзларига кўра, айни пайтда коронавирус эпидемияси бутун дунё ҳамжамиятини ташвишга солмоқда. Бундай глобал инқирозлар биринчи навбатда туризм саноатига таъсир қилади.

"Бугунги кунда одамлар саломатлигидан хавфсираб саёҳатлар сонини камайтиришмоқда. Эпидемиянинг дастлабки хабарлари пайдо бўлиши биланоқ Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан зарур чоралар кўрилди ва маҳаллий туроператорларга фуқароларимизнинг Хитойга ва бошқа хавфли ҳудудларга сафарларини тўхтатиш тўғрисида огоҳлантиришлар юборилди. Бундан ташқари, коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун 1-февралдан бошлаб Хитой билан парвозлар бекор қилинди",- деди у.

Шунингдек, эксперт коронавирус касаллиги профилактикаси бўйича ҳукумат даражасида Республика комиссияси тузилганлигини, бу йўналишда қатор тизимли чоралар кўрилганлигини айтиб ўтди. Масалан, аэропортларда   учиб келаётганларни тепловизор орқали мониторинг қилиниши жорий этилган.

Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 53 та санитария карантин пунктлари ташкил этилган бўлиб, у ерда хавфли зонадан келган шахслар 14 кун давомида карантин остида сақланади.

Эслатиб ўтамизки, бугун Сеул-Тошкент рейси йўловчилари коронавирус хавфи туфайли Тошкент аэропортининг алоҳида залида вақтинча санитария изоляциясига жойлаштирилди.

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...
18+