Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкентнинг Сергели туманида самолётларга авиация ёқилғиси қуйишга мўлжалланган 11 гектарлик мажмуа очиқ савдога қўйилди. Давлат активларини бошқариш агентлиги объектни хусусийлаштириш жараёнида маслаҳатчи сифатида халқаро Ernst & Young компаниясини жалб қилган.
Қумариқ кўчасида жойлашган мажмуадаги бино ва иншоотларнинг умумий майдони 6 минг квадрат метрдан ортиқ. Объект газ, сув ва электр таъминоти билан таъминланган. Савдода маҳаллий ва хорижий инвесторлар иштирок этиши мумкин.
Хусусийлаштириш жараёни икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқичда иштирок этиш истагини билдирган инвесторлардан EoI аризалари қабул қилинади. Унда компания, унинг эгалари ва якуний бенефициарлари ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, сўнгги уч йиллик молиявий ҳисобот тақдим этилиши керак.
Биринчи босқич учун аризалар 2026 йил 23 октябрь соат 23:59 гача қабул қилинади. Саралаб олинган иштирокчиларга кейинги босқичда объектнинг молиявий, солиқ ва ҳуқуқий текшируви бўйича ҳисоботлар жойлаштирилган виртуал маълумотлар базасига кириш имконияти берилади. Инвесторлар мажмуага бориб, объектни кўздан кечиришлари ҳам мумкин.
Мажбурий таклифни тақдим этишдан олдин иштирокчилар битимнинг асосий шартлари бўйича келишувни имзолаши ва ўз таклифи суммасининг камида 1 фоизи миқдорида закалатни E-auksion платформаси орқали киритиши талаб этилади.
Давлат активларини бошқариш агентлиги хусусийлаштириш жараёнининг бориши ва ҳар бир босқич натижалари ҳақида жамоатчиликка маълумот бериб борилишини билдирган.
Олдинроқ 15 сентябрь куни Янги Тошкент аэропорти қурилиши муносабати билан Қуйи Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларида жойлашган 7 та қабристон кўчирилиши белгиланганди.

Изоҳлар мавжуд емас