Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Мухбиримиз хабар қилишича, АҚШ элчихонаси блогер Нафосат Оллашукурованинг мамлакатни тарк этганлиги бўйича изоҳ берган.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси твиттерида ёзилишича: “Блогер Нафосат Оллашукурова Ўзбекистонни мустақил равишда тарк этди. АҚШ элчихонаси у билан кетишидан олдин учрашишга муваффақ бўлди ва унинг ишини диққат билан кузатишни давом этади.
Шунингдек элчихона таъкидлашича, Америка Қўшма Штатлари ҳар қандай жамиятнинг гуллаб-яшнаши учун зарур бўлган сўз эркинлигини қатъий қўллаб-қувватлайди.
"Президент Мирзиёевнинг таъкидлашича, танқидий оммавий ахборот воситалари ҳукуматнинг жамоатчилик томонидан назорат қилиниши ва ислоҳот дастурининг муваффақияти учун зарур ҳисобланади. Журналистларга ўз ишларни бажаришлари рухсат берилиши, уларга таҳдид ва тазйиқ қилинишига йўл қўйилмаслиги керак", - дейилмоқда элчихона тарқатган хабарда.
Эслатиб ўтамизки, бир кун илгари Нафосат Оллашукурова мамлакатни тарк этганлиги маълум бўлди. У руҳий касалликлар шифохонасига қайта жойлаштирилишдан қўрқиши ва Ўзбекистонда блогерлар эркин ишлай олмаслигининг гувоҳи бўлаётганини билдирган.
Блогер Facebookдаги ўз саҳифасида ватандошлардан бундай қарорни қочиш ёки қўрқоқлик деб қабул қилмасликларини сўраган. Унинг айтишича, охирги йилда унга бир неча бор босим ўтказилган. Хоразмлик шоир ва журналист Маҳмуд Ражаповнинг Тошкентга қилган юриши ҳақидаги маълумотларни эълон этганидан сўнг Оллашукурова ҳибсга олиниб, очлик эълон қилган ва уч ой давомида Хоразм психоневрология диспансерида бўлган.
Нафосат Оллашукурованинг ёзишича, касалхонадан чиқиб Тошкентга қайтгач, шифокорлар уч маротаба унинг уйига ташриф буюришган. Унинг фикрича, ушбу ташрифлардан мақсад- рўйхатга олишдир.
Блогернинг таъкидлашича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош психиатри Левон Амбарцумов ундаги руҳий бузилишни вақтинчалик деб баҳолаган ва у шифокорларнинг доимий назораттга муҳтож эмас деб топган.
"Азиз дўстлар, Ўзбекистонда блогерлар бемалол ишлай олмаслиги бўйича тегишли хулосага келдим ва кетишга мажбурман", - деди Оллашукурова.
Изоҳлар мавжуд емас