Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. USM асосчиси ва энг машҳур россиялик миллиардерлардан бири Алишер Усмонов 2024 йилда 96,2 миллиард рубль - жорий курс бўйича қарийб 1,2 миллиард доллар дивиденд олгани маълум бўлди.
Бу ҳақда Forbes Russia нашрининг россиялик ишбилармонлар орасида энг йирик дивиденд даромадларига бағишланган янги рейтингида маълум қилинди.
Усмоновнинг кўрсаткичи йил давомида 20,4 фоизга ошди. Шунга қарамай, умумий рейтингда у бир поғона - тўртинчи ўриндан бешинчи ўринга тушиб кетди. Шундай бўлса-да, унинг даромади Россия олигархлари орасида энг йирикларидан бири бўлиб қолмоқда.
Дивиденд пойгаси етакчилари:
• Алексей Мордашов ("Северсталь") - 201,8 млрд рубль;
• Вагит Алекперов ("Лукойл") - 201 миллиард рубль;
• Владимир Лисин (НЛМК) - 151,8 миллиард рубль;
• Леонид Михельсон (Новатек, Сибур) - 104 миллиард рубль;
• Алишер Усмонов (USM) - 96,2 миллиард рубль
Forbes маълумотларига кўра, Россиянинг 50 та энг йирик бизнесменлари олган дивидендларнинг умумий миқдори тарихий рекордга етди ва 1,769 триллион рублни ташкил этди. Таққослаш учун: 2022 ва 2023 йилларда бу кўрсаткич 1,4 триллион рублдан ошмаган.
Кредитлаш инқирози ва юқори асосий ставка туфайли кўплаб компаниялар учун қарз олиш фойдали бўлмай қолган бир пайтда, миллиардерлар ўз активларидан фойдани оммавий равишда олиб чиқиб кетишни афзал кўрдилар. Россия саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқи (РСТИ) кетма-кет иккинчи йил иқтисодиёт, айниқса, хомашё бўлмаган секторларда рецессия белгиларини кўрсатаётганидан хавотир билдирмоқда. Савдо-саноат палатаси маълумотларига кўра, кўплаб корхоналар дефолт олди ҳолатида.
2024 йилда 50 дан ортиқ компания қайта инвестициялаш ва бизнесни қўллаб-қувватлаш учун дивидендлар тўлашдан бош тортган бўлса-да, энг йирик саноат холдинглари эгалари, жумладан Усмонов ҳам фаол фойда олишда давом этди.
Эслатиб ўтамизки, жорий йилда Американинг Forbes журнали илк бор Ўзбекистонни дунёнинг энг бой одамлари йиллик рўйхатига киритди. Бойлиги 16,7 миллиард долларга баҳоланаётган Алишер Усмонов энди аввалгидек Россиядан эмас, Ўзбекистондан бўлган тадбиркор сифатида қайд этилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас