Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Мамлакатда Президент Администрациясининг ҳуқуқий мақоми, асосий вазифалари ва фаолият принципларини белгилайдиган янги Конституциявий қонун президент томонидан имзоланди. Ҳужжатга мувофиқ, Администрация бевосита давлат раҳбарига бўйсунади ҳамда унинг фаолиятини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлайди.
Мазкур ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 2026 йил 6 августда қабул қилиниб, Сенат томонидан 7 августда маъқулланган эди.
Қонун Президент Администрациясининг ҳуқуқий мақоми, фаолиятининг асосий принциплари ҳамда давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш тартибини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлайди.
Қонунга мувофиқ, Администрация бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва унга ҳисобдордир. Унинг асосий вазифалари қаторига Президент фаолиятини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлаш, давлатнинг ички ва ташқи сиёсати, мамлакат суверенитети ҳамда хавфсизлигини таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш киради.
Шунингдек, қонунийликни, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашиш ҳам вазифа сифатида белгиланган. Шу билан бирга, у давлат органлари, ташкилотлари ва мансабдор шахслар фаолиятини мувофиқлаштиради ҳамда қарорлар ижроси юзасидан мониторинг ва назоратни ташкил этади.
Ҳужжатда Администрация фаолиятининг асосий принциплари сифатида конституциявий устунлик, инсон ҳуқуқларининг устуворлиги, холислик, мустақиллик, очиқлик ва шаффофлик белгиланган. Мазкур ташкилотга Президент томонидан лавозимга тайинланадиган Администрация Раҳбари бошчилик қилади.
Ҳужжат имзоланган кундан юридик кучга кирган.

Изоҳлар мавжуд емас